
Россия қуролли кучларининг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари натижасидаги жонли куч йўқотишлари жуда юқори рақамларга етди. Буюк Британия Мудофаа вазирлиги ҳарбий разведкасининг сўнгги ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йил феврал ойида бошланган ҳарбий можарода Россия армиясининг умумий йўқотишлари 950 минг кишига етган. Бу рақамларга ўлганлар ва ярадорлар ҳам киради.
Вазирлик ҳисоботида келтирилишича, 2025 йилнинг дастлабки тўрт ойида Россия армиясининг йўқотишлари тахминан 160 минг кишини ташкил этган. Агар шу суръат йил охиригача давом этса, бу Россия учун жонли куч бўйича энг катта йўқотишли йил бўлиши мумкинлиги таъкидланмоқда.
Британия мудофаа вазирлиги шуни ҳам эслатиб ўтдики, 2025 йилда кунлик йўқотишлар даражасининг юқори бўлишига қарамай, Россия Украина ҳудудининг сезиларли қисмини назорат остига олишга муваффақ бўла олмаган. Апрель ойида Россия армиясининг кунлик йўқотишлари ўртача 1200 нафарга етган бўлса, март ойида бу кўрсаткич 1300 нафарни ташкил этган эди.
Бундан аввалроқ Халқаро стратегик тадқиқотлар институти ҳисоб-китобларига кўра, Россия қуролли кучларининг уруш бошланганидан буёнги йўқотишлари 800 минг кишига яқин деб баҳоланган эди. Шу билан бирга, ҳар ойда Россия армиясига 30-40 минг нафар янги аскар қабул қилинаётгани, бунда катта бонуслар ва кучли ҳарбий тарғибот таъсир кўрсатаётгани айтилиб ўтилган.
Forbes нашри эса қизиқарли таҳлил тақдим этган. Улар келтирган маълумотларга кўра, Россия ҳозирги суръат билан Украина ҳудудининг қолган 81 фоизини босиб олиши учун камида 230 йил керак бўлади. Бу давр мобайнида тахминан 101 миллион россиялик аскарнинг ҳалок бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Шундай қилиб, ҳарбий таҳлилчилар таъкидлашича, ушбу йўқотишлар Россия учун жуда катта қурбонликларни англатади ва бунинг фонида урушнинг тез орада якунланиши эҳтимоли тобора камаймоқда.
Фото: BBC
Россия АрмиясиУкраина Ҳарбий ҲаракатлариЙўқотишлар РақамиБуюк Британия МудофааХалқаро Стратегик ТадқиқотларУруш Таҳлили Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар