
4 май куни Туркиянинг Республика халқ партияси етакчиси Ўзгур Ўзел Истанбулдаги депутат Сирри Сурейянинг дафн маросими пайтида ҳужумга учради.
Мазкур ҳолат шаҳарнинг машҳур Таксим майдонида жойлашган Отатурк маданият марказидаги маросимдан сўнг содир бўлган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳаларда аниқ кўринишича, номаълум бир киши мухолифат етакчисига қарата шапалоқ туширган ва дарҳол сиёсатчининг хавфсизлигини таъминлаётган қўриқлаш хизмати ходимлари томонидан ушланган.
Haberturk нашрининг хабар беришича, ҳужум қилган шахс «Биз — Усмонлилар авлодимиз!» деб бақирган. Воқеадан хабардор бўлган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Ўзелга телефон орқали алоқага чиқиб, ушбу ҳаракатни қатъий қоралаган ҳамда воқеанинг барча тафсилотлари ҳар томонлама текширилиши ва айбдорлар аниқланишига ваъда берган.
Ҳозирда қамоқда бўлган Истанбулнинг собиқ шаҳар ҳокими Акром Имомўғли ҳам ушбу ҳодисага ўз муносабатини билдирди. «Раҳбаримиз жаноб Ўзгур Ўзелга нисбатан содир этилган бу қабиҳ ҳужумни кескин қоралайман. Ҳужум қилган шахс ва у билан боғлиқ бўлган барча масъулларнинг зудлик билан аниқланиши ва тегишли жазога тортилиши шарт», — дея ўз фикрини билдирган Имомўғли.
Туркия МухолифатиИстанбул ҲужумЎзгур ЎзелТаксим МайдониМаданият МарказиСиёсатчи Хавфсизлиги Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар