
АҚШ Конгрессининг Демократик партиядан сайланган аъзоси Рашида Тлаиб Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларини "геноцид" деб баҳолади ва Қўшма Штатларни бу жараёнда шерикликда айблади. Унинг фикрича, АҚШ ҳукумати инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид шартларсиз Исроилга миллиардлаб долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатиб, бу можародаги масъулиятни ўз зиммасига олган.
Тлаибнинг таъкидлашича, Исроил ҳукумати Ғазони бутунлай вайрон қилиш, фаластинликларни мажбуран кўчириш ва ҳудудни аннексия қилишни мақсад қилган. У бу ҳаракатларни "этник тозалаш" ва "геноцид" деб атади.
«Исроил 64 кундан бери инсонпарварлик ёрдамининг Ғазога киришига тўсқинлик қилмоқда. Уруш жиноятчиси Бинямин Нетаняху бутун Фаластин аҳолисини мажбуран чиқариб юбориш, этник тозалаш, Ғазони бутунлай вайрон қилиш ва уни аннексия қилишни назарда тутувчи режани ошкор қилди», — деб ёзади у.
Шунингдек, у АҚШ маъмуриятини инсонпарварлик ёрдамини тўсиб қўйган давлатларга ҳарбий ёрдам кўрсатмасликка чақирди.
Исроил ҳукумати эса, ўз навбатида, Ғазода "Ҳамас"ни йўқ қилиш ва ҳудудда барқарор назорат ўрнатиш мақсадида ҳарбий операцияларни кенгайтириш режасини тасдиқлади. Бу режа доирасида Ғазони тўлиқ эгаллаш, фуқароларни хавфсизлик мақсадида кўчириш ва инсонпарварлик ёрдамини назорат қилиш каби чоралар кўзда тутилган. Бу ҳаракатлар халқаро ҳамжамият томонидан қаттиқ танқид қилинмоқда.
Тлаибнинг баёноти АҚШдаги сиёсий муҳитда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Унинг сўзлари Ғазодаги вазиятга нисбатан халқаро эътиборни янада оширди.
Сиз нима деб ўйлайсиз: АҚШнинг бу можародаги роли қандай баҳоланиши керак? «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар