
Microsoft компанияси асосчиларидан бири, дунё миқёсидаги энг машҳур миллиардерлардан бўлган Билл Гейтс ўз ҳаётидаги энг улкан ва муҳим қарорлардан бирини эълон қилди. Унга кўра, келаси 20 йил ичида Гейтс ўз бойлигининг деярли барчасини хайрия мақсадида Gates Foundation орқали дунё халқлари манфаати йўлида сарфлашни режалаштирмоқда.
“Кейинги 20 йил мобайнида мен барча бойлигимни глобал миқёсда инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш ва уларнинг фаровонлигини оширишга йўналтираман. Бу ишни Gates Foundation орқали амалга ошираман. 2045 йил 31 декабрь куни эса бу фонд ўз фаолиятини расман тугатади,” — деб ёзди Гейтс ўз баёнотида.
Унинг таъкидлашича, мазкур ташаббус орқали 200 миллиард долларлик маблағ бутун инсоният манфаати учун ишлатилиши кўзда тутилмоқда. Бу хайрия тарихидаги энг йирик шахсий ёрдам лойиҳаларидан бири сифатида қайд этилмоқда.
Соғлиқни сақлаш ва инсон ҳаёти устувор йўналишда
Гейтс мазкур маблағлар асосан профилактика воситалари, тиббиётга оид дастурлар ва қашшоқликка қарши курашга йўналтирилишини маълум қилган. Унинг фикрича, янги туғилган чақалоқлар, болалар ва оналарни “олдини олиш мумкин бўлган сабаблар”дан ҳалок бўлишидан асраш зарур. Шунингдек, полиомиелит, безгак, қизамиқ, сил ва ОИТС каби оғир касалликларни дунё бўйлаб йўқ қилиш асосий мақсадлардан бири бўлади.
Трампга билвосита танқид ва фалсафий хулоса
Reuters агентлигининг қайд этишича, Гейтс ўз баёноти орқали АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трампни билвосита танқид қилган. Сабаби, Трамп маъмурияти қатор халқаро ёрдам дастурларини қисқартирган ёки тўхтатган эди.
Билл Гейтс ўз шахсий фалсафасини ҳам баён этди:
“Одамлар мен вафот этганимдан кейин турли фикрлар билдириши мумкин. Лекин улар орасида ‘У бой ҳолда вафот этди’, деган гап бўлишини истамайман,” — деди у.
Унинг бу гаплари пулдан кўра қадрият ва инсонийлик устувор эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Фонднинг келажаги ва молиявий кўлами
2000 йилда Билл Гейтс ва унинг ўша пайтдаги турмуш ўртоғи Мелинда Гейтс томонидан ташкил этилган Gates Foundation аввалида уларнинг ўлимидан сўнг ҳам узоқ йиллар давомида фаолият юритиши режалаштирилган эди. Аммо Гейтс эндиликда буни тезлаштириш ва хайрли маблағларни ўз умри давомида сарфлашга қарор қилганини билдирди.
Gates Foundation ташкил этилганидан буён ОИТС, сил ва безгак каби касалликларга қарши курашиш, таълим ва инсонпарварлик лойиҳалари учун жами 100 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратган.
Bloomberg маълумотларига кўра, Билл Гейтснинг айни пайтдаги умумий бойлиги тахминан 108 миллиард долларни ташкил этади.
Гейтснинг ушбу қарорини нафақат молиявий, балки инсонпарварлик жиҳатдан ҳам тарихий воқелик сифатида баҳолаш мумкин. Унинг ташаббуси катта бизнес ва глобал масъулият ўртасидаги мувозанатни белгилаб бермоқда.
Билл ГейтсGates FoundationХайрия МаблағиИнсонпарварлик ЛойиҳалариТиббиёт ДастурлариОИТС Касалликлари Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар