date
views 72

Сунъий интеллект вулқон кули остидаги тарихни “ўқиди”: қимматли қўлёзма муаллифи аниқланди

Сунъий интеллект вулқон кули остидаги тарихни “ўқиди”: қимматли қўлёзма муаллифи аниқланди
Эрамизнинг 79 йилида Везувий вулқонининг портлаши натижасида Италиянинг Геркуланум шаҳри бутунлай вулқон кули остида қолган ва кўплаб маданий бойликлар йўқолганди. Қариб икки минг йил ўтиб, олимлар тарихий жараёнда янги саҳифани очишга муваффақ бўлишди — биринчи марта ёниб кетган қадимги ўрам муаллифи ва асар номи аниқланди.

Бу кашфиёт сунъий интеллект ёрдамида амалга ошди. Аниқланишича, ушбу ўрам эпикурчи-файласуф Филодим томонидан ёзилган “Иллатлар ва уларга қарши фазилатлар тўғрисида” деб номланган фалсафий рисоладир.

Қўлёзма Геркуланум шаҳридаги қадимий виллалардан бири — эҳтимол, фалсафий мактаб ёки бой шахсга тегишли бинодан топилган. Орадан юзлаб йиллар ўтиб, у Оксфорд университетининг Бодлиан кутубхонасига келтирилган ва шу вақтгача очилмасдан сақланиб келинган. Сабаби, ўрам шунчалик нозик ва мўртки — унга ҳатто қўл теккизиш ҳам унинг тўлиқ йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлиши мумкин эди.

Ана шундай мураккаб шароитда ёрдамга замонавий технологиялар — сунъий интеллект, юқори аниқликдаги рентген томографияси ва махсус 3D моделлаш усуллари келди. Vesuvius Challenge лойиҳаси доирасида иш олиб борган мутахассислар қўлёзмадаги углерод сиёҳининг микроскопик изларини таҳлил қилиб, матнни виртуал тарзда “очиш”га муваффақ бўлди.

Кентукки университети олимлари ишлаб чиққан Volume Cartographer дастури матндаги ҳарф ва сўзларни аниқлаш, уларни тартиблаш ва ўқиш жараёнида ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Бу дастур ўрамдаги ҳар бир қаторни виртуал равишда қайта тиклаш ва таҳлил қилиш имконини берди.

Аниқланган матн — Филодим қаламига мансуб рисола бўлиб, инсонни турли ёмон иллатлардан сақланиш ва эзгулик йўлида яшашга ундайдиган фалсафий қўлланма ҳисобланади. Унда маънавий поклик, ўлчов билан яшаш ва ҳиссиётни идрок орқали бошқариш каби мавзулар атрофлича ёритилган.

Олимларнинг сўзларига кўра, бу юксак технологияли ёндашув келгусида Геркуланум кутубхонасида сақланаётган бошқа бир қанча ёниб кетган ўрам ва матнларни ҳам ўқишга йўл очиши мумкин. Ҳозирда ўнлаб ўхшаш ўрамлар ўз навбатида навбатда турибди — уларнинг ҳар бири инсоният тарихининг янги саҳифасини очиши эҳтимолдан холи эмас.

Фан ва технологиянинг шиддат билан ривожланиши замонавий олимларга на фақат келажакни яратиш, балки ўтмишнинг қўриқланган сирларини ҳам аниқлаш имконини бермоқда. Везувий қули остида қолган тарих сўзлай бошлади — ва бу сўзлар бизни ўйлашга, қадрлашга ва англашга ундайди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Сунъий интеллект вулқон кули остидаги тарихни “ўқиди”: қимматли қўлёзма муаллифи аниқланди