date
views 12

Фаластин иқтисодиёт вазири: “Урушдан кейин нормал ҳаётга қайтиш учун камида 15 йил керак бўлади”

Фаластин иқтисодиёт вазири: “Урушдан кейин нормал ҳаётга қайтиш учун камида 15 йил керак бўлади”
Фаластиннинг иқтисодий тикланиши камида 15 йилни талаб қилади. Бу ҳақда Бағдодда ўтказилаётган Араб давлатлари лигаси (АДЛ) иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича кенгаши йиғилишида Фаластин миллий иқтисодиёт вазири Муҳаммад ал-Амур маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Ғазо секторидаги уруш тугаган тақдирда ҳам фаластинликлар ҳаётини аввалги ҳолатига қайтариш учун узоқ вақт, тинимсиз меҳнат ва халқаро ёрдам керак бўлади.

“Исроил билан тўқнашувлардан кейин нормал ҳаётга қайтиш осон бўлмайди. Бизга камида 15 йил керак бўлади. Аммо шу вазиятда ҳам халқимиз матонат кўрсатмоқда. Босқинчи қанча уринмасин, фаластинликлар енгилмайди”, — деди вазир ал-Амур.

“Ғазода геноцид кетяпти, дунё эса сукутда”
Муҳаммад ал-Амур ўз сўзларида Ғазодаги вазиятни “геноцид” сифатида баҳолади ва Исроил томонидан гуманитар ёрдам блокланиб келинаётганини таъкидлади.

“Минглаб юк машиналари чеккада турибди. Уларда фақат ёрдам бор, аммо уларни Ғазога киритишга рухсат берилмаяпти. Бошқа томондан дунё томошабин сифатида бу қирғинларни кузатишда давом этяпти. Бу — инсоният учун шармандалик”, — деди вазир.

Унинг таъкидлашича, Иордан дарёсининг Ғарбий қирғоғида жойлашган 1000 дан ортиқ назорат пункти иқтисодий фаолликни фалаж ҳолга келтирган. “Бу сиёсий эмас, балки иқтисодий терроризмдир”, — дея қўшимча қилди у.

Ғазо ва Ғарбий Қирғоқда ишсизлик 51 фоизга етди
Фаластин иқтисодиёти тўлиқ йўқ қилишга дуч келмоқда. Расмий маълумотларга кўра, Ғарбий Қирғоқ ва Ғазо секторида ишсизлик даражаси 51 фоиздан ошган. Бу мамлакатнинг барча соҳалари учун ҳалокат даражасида хавфли кўрсаткич ҳисобланади.

“2025 йилнинг 2 мартидан бери Ғазога бир грамм ёрдам ҳам етказилмади. Исроил барча ўтиш йўлларини беркитиб қўйган. Бу инқирознинг янада чуқурлашишига олиб келмоқда”, — дея таъкидлади ал-Амур.

Исроилнинг ҳарбий ҳаракатлари қайта бошланди
18 март куни Исроил армияси тинчлик режимини бузиб, Ғазо секторига янада кенг кўламли зарбалар беришни бошлади. Бош вазир Биньямин Нетаньяхунинг идораси бу қарорни “ҲАМАС музокараларда ўзини кўрсатолмади” деб асослади. Мақсад — гаровда ушланганларни озод қилиш, деб баёнот берилди.

ҲАМАС эса бу ҳаракатларга жавобан, урушнинг қайта бошланиши учун масъулиятни Исроил ва АҚШ зиммасига юклади.

Zamin.uz таҳририяти халқаро ҳамжамиятни Ғазо ва бутун Фаластиндаги фожеаларга нисбатан бефарқ қолмасликка, тинчлик йўлида амалий ҳаракат қилишга чақиради. Инсонийлик – миллийлик ёки сиёсий қарашлардан устун бўлиши шарт.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Фаластин иқтисодиёт вазири: “Урушдан кейин нормал ҳаётга қайтиш учун камида 15 йил керак бўлади”