date
views 104

Трампнинг Саудияга ташрифида қандай муҳим битимларга эришилди?

Трампнинг Саудияга ташрифида қандай муҳим битимларга эришилди?
АҚШ президенти Дональд Трамп ўзининг иккинчи президентлик муддатини бошлаганидан кейин илк йирик хорижий ташрифини 13 май куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдга амалга оширди. Сафар давомида икки мамлакат ўртасида мудофаа, иқтисодий ва технология соҳаларида бир қатор тарихий битимлар имзоланди. Бу ҳақда BBC нашри хабар тарқатмоқда.

Оқ уй расмий баёнотига кўра, АҚШ ва Саудия Арабистони ўзаро 142 миллиард доллар қийматга эга бўлган «тарихдаги энг йирик мудофаа шартномаси»ни имзолаган. Ушбу келишув Саудия томонига АҚШнинг ўнга яқин мудофаа компаниялари томонидан ишлаб чиқариладиган ҳарбий техника ва хизматларни етказиб беришни ўз ичига олади. Шартнома қуйидаги муҳим бешта йўналишни қамраб олади:
  • Ҳарбий ҳаво кучларини кучайтириш ва космик технологиялар имкониятларини кенгайтириш;
  • Ҳаво ва ракета ҳужумидан мудофаа тизимларини ривожлантириш;
  • Денгиз ва соҳил хавфсизлигини таъминлаш;
  • Чегара назоратини такомиллаштириш ва қуруқликдаги ҳарбий бўлинмаларни модернизация қилиш;
  • Ахборот-коммуникация тизимларини янги технологиялар билан жиҳозлаш.

Бундан ташқари, Саудия Арабистони қуролли кучларининг жанговар салоҳиятини ошириш, ҳарбий академиялар ва ҳарбий-тиббий хизматларни мустаҳкамлаш ҳам мазкур келишув доирасига киради.

Трамп ташрифи давомида икки мамлакат ўртасида қўшимча муҳим иқтисодий битимларга ҳам эришилган. Хусусан, Саудия Арабистони АҚШ иқтисодиётига умумий қиймати 600 миллиард долларга тенг сармоя киритиш мажбуриятини олган. Ушбу инвестицияларнинг асосий қисми Америка ҳудудида сунъий интеллект маълумотлари марказларини барпо этишга йўналтирилади. Ўз навбатида, АҚШнинг йирик технологик компаниялари ҳар икки мамлакатда замонавий ва илғор технологияларга 80 миллиард доллар сармоя киритишга ваъда берган.

Америка Қўшма Штатлари томонидан Саудияга 14,2 миллиард доллар қийматдаги газ турбиналари ва энергетика технологиялари ҳамда 4,8 миллиард долларга Boeing 737-8 самолётлари экспорт қилинади. Шу билан бирга, энергетика ва тоғ-кон соҳасида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ҳам келишувлар имзоланган.

Трамп Саудия Арабистонининг валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан олий даражадаги музокаралар ўтказган. Айни пайтда Саудиянинг энг йирик бизнес вакиллари билан учрашувларни Трампнинг маслаҳатчиси, машҳур миллиардер Илон Маск, OpenAI компанияси раҳбари Сем Алтман ҳамда компьютер чиплари ишлаб чиқарувчи Nvidia корпорацияси бош ижрочи директори Женсен Хуанг олиб борган.

Ташриф доирасида Саудия-АҚШ инвестиция форуми ҳам ўтказилган бўлиб, унда Citigroup, IBM, Qualcomm, Alphabet ва Франклин Темплетон каби глобал корпорациялар раҳбарлари қатнашган.

Умуман олганда, Трампнинг Саудия Арабистонига ташрифи икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш ҳамда иқтисодий, мудофаа ва технологик ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилганлиги таъкидланмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трампнинг Саудияга ташрифида қандай муҳим битимларга эришилди?