date
views 321

Путин Истанбул музокараларида қатнашмайди: делегацияда вазирлар йўқ

Путин Истанбул музокараларида қатнашмайди: делегацияда вазирлар йўқ
Россия президенти Владимир Путин Украинадаги тинчлик музокаралари учун Истанбулга борадиганлар сафида эмас. 14 май, чоршанба куни кечқурун Кремль расмий сайтида эълон қилинган хабарга кўра, Россия делегацияси таркибида Путиннинг номи қайд этилмаган. Бу ҳақда Reuters агентлиги ҳам Трамп маъмуриятидаги манбага таяниб маълумот тарқатди.

Истанбулдаги учрашувда Россия номидан музокараларга президент ёрдамчиси Владимир Мединский раҳбарлик қилади. Қизиғи шундаки, делегацияда Россиянинг бирорта вазири йўқ. Яъни, на ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, на мудофаа вазири Андрей Белоусов бу жараёнда иштирок этмайди. Улар ўрнига Кремль музокараларга Лавровнинг ўринбосари Михаил Галузин, Белоусовнинг ўринбосари Александр Фомин ва Россия Қуролли кучлари Бош штаби Бош бошқармаси раҳбари Игор Костюковни жўнатишни маъқул кўрган.

Кремлнинг расмий баёнотида, шунингдек, Путин томонидан шахсан тасдиқланган "Украина билан музокаралар ўтказиш бўйича мутахассислар" рўйхати ҳам келтирилган. Уларнинг орасида Россия Қуролли кучлари Бош штаби ахборот департаменти раҳбарининг биринчи ўринбосари Александр Зорин, президент девонининг гуманитар масалалар бўйича давлат сиёсати бошқармаси раҳбарининг ўринбосари Елена Подобреевская, Россия ТИВнинг МДҲ давлатлари бўйича иккинчи департаменти директори Алексей Полишчук ва Россия Қуролли кучлари бош штабида халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Виктор Шевцов бор.

Музокаралардаги асосий эътибор делегациянинг сиёсий даражасидан кўра, унинг қандай позиция билан қатнашишига қаратилади. Аммо Путиннинг бевосита қатнашмаслиги ва вазирлар даражасидаги расмийларнинг четда қолиши, Россия томонининг ушбу жараёнга қай даражада жиддий қараётгани борасида саволлар уйғотмоқда.

Zamin.uz таҳририяти тинчлик музокаралари атрофидаги барча янгиликларни диққат билан кузатишда давом этади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Путин Истанбул музокараларида қатнашмайди: делегацияда вазирлар йўқ