
Буюк Британия Исроил армиясининг Ғазо секторидаги янги операцияси сабабли Исроил билан эркин савдо битимини тузиш бўйича музокараларни тўхтатди. Бу ҳақда Бирлашган Қироллик Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Девид Лемми маълум қилди.
Унинг айтишича, Лондон бундай қарорни Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху гуманитар ёрдам етказиб беришни тўсиб қўйгани ва анклавда жанговар ҳаракатларни кенгайтиргани учун қабул қилган.
“Буюк Британия ва Исроил ўртасидаги эркин савдо битими бўйича музокаралар расман тўхтатилди, қарор дарҳол кучга киради”, дея таъкидланди Британия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Вазирлик яна шуни қўшимча қилдики, “Ғарбий Қирғоқ ва Ғазо секторида қўпол сиёсат юритаётган” Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳукумати билан келишувни муҳокама қилишни давом эттиришнинг имкони йўқ.
Исроилнинг Буюк Британиядаги элчиси Сипи Хотовели Исроил ҳарбийларининг Ғазо секторига ҳужуми муносабати билан Британия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган.
“Бугун мен элчи Хотовелига ҳукуматимизнинг Ғазодаги ҳарбий фаолиятнинг мутлақо номутаносиб кучайишига қарши позициясини билдираман ва Ғазога 11 ҳафта давомида ёрдамни тўсиб қўйиш шафқатсиз ҳамда асоссиз бўлганини таъкидлайман”, деди Британиянинг Яқин Шарқ ишлари бўйича вазири Ҳамиш Фальконер.
Унинг қўшимча қилишича, Исроил халқаро гуманитар ҳуқуқ бўйича ўз мажбуриятларига риоя қилиши ва аҳолига тўлиқ, тез, хавфсиз ҳамда тўсиқсиз инсонпарварлик ёрдами кўрсатилишини таъминлаши лозим.
Фото: Reuters
Буюк БританияИсроил армиясиҒазо секториэркин савдомузокаралар тўхтатишгуманитар ёрдамсиёсат юритишэлчи Хотовелиинсонпарварлик ёрдами Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар