date
views 14

Суд Трамп маъмуриятининг Ҳарвардга қаратилган санкциясини вақтинча тўхтатди

Суд Трамп маъмуриятининг Ҳарвардга қаратилган санкциясини вақтинча тўхтатди
АҚШда таълим ва сўз эркинлиги масаласи яна долзарб мавзуга айланди. Бостондаги федерал суд томонидан АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятининг Ҳарвард университетига қарши қабул қилган қарорининг амалга оширилиши вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда судья Эллисон Барроуз ўз қарорини эълон қилди.

Тақиқ ва сиёсий сабаблар

Аввалроқ, Оқ уй маъмурияти Ҳарвард университети раҳбариятини “зўравонлик ва антисемитизмни қўллаб-қувватлаётганлик”да айблаган ва мазкур олий ўқув юртида хорижлик талабаларни қабул қилишни тақиқлаш ҳақида қарор чиқарган эди. Шу билан бирга, Ҳарвард 2,2 миллиард доллар миқдоридаги федерал грантлардан ҳам маҳрум қилинган.

Ҳарвард университети бу қарорларни сиёсий қасос деб баҳолади. Университет раҳбарияти бу ҳаракатлар уларнинг сиёсий талабларга бўйсунмагани учун амалга оширилаётганини таъкидлади.

Федерал суд таҳдидни бартараф этди

Судья Эллисон Барроуз ўз қарорини “тақиқ университет учун тузатиб бўлмас зиён келтиради” деган хулоса билан изоҳлади. Унинг таъкидлашича, бу каби чекловлар АҚШ Конституциясида кафолатланган академик эркинлик ва сўз эркинлиги тамойилларига зиддир. Шу асосда суд тақиқ қарорини вақтинча блоклади.

Ҳозирда университет АҚШ ҳукуматининг ушбу қарорига қарши расмий суд даъво аризаси киритган ва суд жараёни давом этмоқда.

Ботир Қобилов: “Бу фақатгина университет эмас, бутун қадриятлар масаласи”

Ҳарвард университетининг иқтисод фанлари бўйича доктори, юртдошимиз Ботир Қобилов бу ҳолат юзасидан чиқиш қилиб, Трамп маъмуриятининг бу ҳаракатини “илм-фан ва академик мустақилликка ҳужум” деб баҳолади.

Унинг фикрича, масала фақат битта университетнинг тақдири эмас, балки АҚШдаги сўз ва фикр эркинлиги, мустақил институтлар ва дунё илм-фанидаги етакчиликни таъминловчи қадриятларга қарши бостирувчи сиёсати ҳақида кетмоқда.

Фаластинни қўллаб-қувватлаган талабалар эътибор марказида

Сўнгги бир йил давомида Ҳарвард ва бошқа кўплаб АҚШ университетларида Фаластинга нисбатан ҳамдардлик билдирган талабаларнинг фаолияти кескин назоратга олинган. Намойишларда Ғазодаги зўравонликларни тўхтатиш, Исроилга нисбатан Вашингтон сиёсатини қайта кўриб чиқиш талаб қилинган.

Трамп маъмурияти эса бундай ҳаракатларни антисемитизм ва миллий хавфсизликка таҳдид сифатида баҳолаб, кўплаб фаол талабаларнинг визаларини бекор қилди, айримларини ҳатто қўлга олишгача борди. Ҳимоячилар бу ҳолатни Конституциядаги кафолатланган ҳуқуқларни поймол қилиш деб баҳоламоқда.

Хулоса қилиб айтганда, АҚШ таълим тизимида кузатилаётган бу зиддият фақатгина Ҳарвард университетининг эмас, балки бутун демократик жамиятнинг академик ва сўз эркинлигига бўлган муносабатини кўрсатиб турибди. Суднинг бугунги қароридан сўнг, бу кураш янги босқичга чиқиши кутилмоқда. Жамоатчилик эса бу жараённи катта қизиқиш билан кузатмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Суд Трамп маъмуриятининг Ҳарвардга қаратилган санкциясини вақтинча тўхтатди