
Украина ва Россия ўртасида можарони тўхтатиш учун музокаралар муҳокама қилинаётган бир пайтда, фронтда кескин ўзгаришлар кузатилмоқда. The New York Times нашри ёзишича, Россия бир вақтнинг ўзида дипломатик жараён ва ҳарбий ҳаракатларни параллел равишда олиб бормоқда. Об-ҳаво шароити яхши томонга ўзгаргани билан, Россия армияси баҳорги “сукунат”дан кейин ҳужумларни фаоллаштирган.
Россия икки томонлама фронт очди
Америка нашри таъкидлашича, Россия Қуролли Кучлари бир вақтнинг ўзида Донецк вилояти ва Украина шимолида фаол ҳаракатларга киришди. Донецк фронтида рус армияси Покровск ва Торецк шаҳарлари орасидаги украин мудофаа чизиғини ёриб ўтди ва ҳозирда шимолга йўналган ҳаракатларини давом эттирмоқда. Бу ерда Украина армиясининг сўнгги логистика марказлари жойлашган.
Бу ҳаракатлар, ҳарбий таҳлилчиларнинг фикрича, Донецк вилоятини тўлиқ эгаллаш учун катта миқёсли операциянинг бошланишидан дарак беради. OSINT DeepState таҳлил лойиҳасига кўра, май ойида Россия армияси кунига ўртача 14 квадрат километр майдонни эгаллаб олмоқда. Бу кўрсаткич апрель ойига нисбатан икки баробар кўп.
Суми вилоятида янги таҳдид – Украина қўшинлари ҳаракатга келди
Шимолий Суми вилоятида ҳам Россия армияси сўнгги кунларда ҳаракатни кучайтирган. Россияликлар Украина ҳудудига чуқурроқ кириб бормоқда ва бу Украина армиясини фронтнинг ушбу қисмига минглаб аскарларини қайта жойлаштиришга мажбур қилмоқда. Бу эса Донбассдаги мудофаа салоҳиятини заифлаштиради.
Бу ҳаракатлар Россия президенти Владимир Путиннинг “буфер зона” яратиш талабидан келиб чиққан. У бу орқали Курск ва Белгород вилоятларини Украина томонидан уюштириладиган рейдлардан ҳимоя қилишни мақсад қилган.
Харков яқинида 50 минглик десант кучлари жамланган
Мақолада таъкидланишича, Россия қиш мавсуми давомида ҳарбий жиҳозларни тўплади, алоқа тизимини яхшилади ва дронларини модернизация қилди. Шунингдек, Харков яқинида 50 минг нафарлик элита десантчилардан иборат махсус гуруҳ жамланган. Бу кучлар янги ҳужумлар учун ишга солиниши мумкин.
Музокаралардан умид кам, Ғарб узоқ урушга тайёрланмоқда
Айни пайтда Истанбулда Россия ва Украина ўртасидаги музокараларнинг навбатдаги босқичи натижасиз якунланган. Германия канцлери Фридрих Мерц буни тасдиқлар экан, Европа мамлакатларини “узоқ давом этадиган урушга тайёргарлик кўриш”га чақирди.
Шу билан бирга, АҚШ президенти Доналд Трамп яқин 1,5–2 ҳафта ичида Вашингтон Украина можаросини қандай йўналишда ҳал қилиш бўйича қарор қабул қилишини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, бу қарор Россиянинг келгусидаги ҳаракатларига боғлиқ бўлади.
Россия томони ҳарбий жиҳатдан фаоллашган бир пайтда, тинчлик музокаралари сиёсий даражада сўнгида қолмоқда. Москва томонидан ҳужумлар кучайиши ва бир вақтда музокара олиб борилиши — икки фронтли стратегия белгиси. Донбасс ва Сумидаги вазият кескинлашар экан, Украина мудофааси ва Ғарб қўллаб-қувватлови янада муҳим аҳамият касб этади.
Ҳарбий таҳлилчилар бу ёзда ҳал қилувчи ютуқларни кутмаётган бўлса-да, ҳар бир майдондаги ўзгариш умумий вазиятга жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Фото: Reuters «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар