date

Украина «Паутина» операциясини эълон қилди: Россия стратегик авиациясига йирик зарба берилдими?

Украина «Паутина» операциясини эълон қилди: Россия стратегик авиациясига йирик зарба берилдими?
Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ) сўнгги кунларда ўтказилган махсус операциялар натижасида Россиянинг стратегик авиация салоҳиятига жиддий зарба берилганини маълум қилди. “Паутина” номи билан машҳур операция доирасида Россия аэродромларида жойлашган стратегик ракета ташувчи самолётларнинг 34 фоизи шикастланган, деб хабар берди СБУ 1 июнь куни ўзининг расмий Telegram-канали орқали.

Киев томонининг маълумотларига кўра, бу шикастлар Россиянинг стратегик мудофаа салоҳиятига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин. СБУ ҳисоб-китобларига кўра, зарар етказилган самолётларнинг умумий қиймати тахминан 7 миллиард АҚШ долларига тенг.

DW нашри ўз манбаларига таяниб хабар қилишича, «Паутина» операцияси чоғида 41 та самолёт, жумладан А-50, Ту-95 ва Ту-22М3 каби стратегик авиатехникалар шикастланган. Айнан шу турдаги самолётлар Украина шаҳарларига узоқ масофадан ракета зарбалари беришда фаол ишлатилгани маълум. Ҳужумлар Россиянинг Иркутск вилоятидаги Белая, Рязан вилоятидаги Дягилево, Мурманскдаги Оленя ва Иваново вилоятидаги авиабазаларда амалга оширилган.

Оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда тарқалган видеокадрлар ҳам ушбу ҳужумларнинг аниқ далилларини тақдим этган. Улардан кўриш мумкинки, баъзи дронлар тўғридан тўғри самолётнинг корпусига урилиб портлаган, бошқалари эса учиш-қўниш йўлагида қулаб, ёнғин келтириб чиқарган.

Ҳозирча мазкур ҳаво ҳужумлари ва у билан боғлиқ йўқотишлар Россия расмийлари томонидан тасдиқлангани йўқ. Аммо СБУ вакилларининг сўзларига қараганда, ушбу операция Украина хавфсизлиги учун муҳим стратегик қадамлардан бири бўлган. Улар Россия ҳарбий салоҳиятини чеклаш орқали мамлакат ҳудудидаги тинч аҳолига бўладиган хавфни камайтиришни мақсад қилган.

Айни вақтда халқаро таҳлилчилар ҳам ушбу ҳодисанинг таъсирини баҳоламоқда. Агар маълумотлар тасдиқланса, бу сўнгги йилларда Россия ҳарбий авиациясига берилган энг йирик йўқотишлардан бири бўлиши мумкин. Zamin.uz таҳририяти вазият ривожини диққат билан кузатишда давом этади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украина «Паутина» операциясини эълон қилди: Россия стратегик авиациясига йирик зарба берилдими?
LiveInternet