
Россия қуролли кучлари томонидан Украина ҳудудига янги кучли ва оммавий ҳужум амалга оширилди. 6 июнь, жума куни кечаси рўй берган ҳужумда кўплаб дронлар ва турли хилдаги ракеталар ишлатилган бўлиб, бу Украина томонидан уруш бошланганидан бери кузатилган энг катта ҳужумлардан бири бўлди.
Украина президенти Володимир Зеленский халқаро ҳамжамиятни вазиятга жиддий эътибор қаратиб, Россияга нисбатан кескин ва қатъий чоралар кўришга чақирди. У бу ҳақда Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида кескин баёнот билан чиқди.
«Бугунги ҳужум пайтида Россия томонидан 400 дан ортиқ дрон ва 40 дан кўп ракеталар ишлатилди. Улар орасида хавфли «Искандер-М», «Искандер-К», Х-101 қанотли ракета ва баллистик турдаги бошқа ракеталар бор эди. Минглаб одамларнинг ҳаётига таҳдид туғдирган бу ҳужумда, ҳозиргача уч кишининг ҳаёти сўнди ва 49 киши турли даражадаги жароҳатлар олди. Бу қабиҳ ҳужум учун Россия албатта жавоб бериши лозим», деди Зеленский ўз мурожаатида.
Зеленский халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилиб, АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа мамлакатлардан Москвага нисбатан босимни кучайтиришни талаб қилди:
«Урушнинг дастлабки дақиқаларидан бошлаб Россия тинч аҳоли яшайдиган шаҳар ва қишлоқларни аёвсиз равишда нишонга олмоқда. Уруш қурбонлари сони ҳар куни ортиб бормоқда. Биз дунё ҳамжамияти билан биргаликда ўз мудофаамиз учун кўп ишларни амалга оширдик. Аммо бу етарли эмас. Агар дунё етакчилари бугунги кунда босимни ошириб, қатъий ҳаракат қилмаса ва урушни тўхтатиш ўрнига жим туриб берса, бу, содир бўлаётган ишларга шерикликдир. Халқаро ҳамжамият қатъий қарорлар қабул қилиши керак!», — дея қўшимча қилди у.
Украина Ҳаво кучларининг маълум қилишича, тунги ҳужумларда Россия томонидан жами 452 та турли қурол ва учувчисиз учоқлардан фойдаланилган. Аниқроқ айтганда, 407 та «Shahed» ҳужумкор дрони, 6 та «Искандер-М/KN-23» баллистик ракеталари, 36 та Х-101 туридаги қанотли ракета, 2 та «Искандер-К» туридаги қанотли ракета ҳамда битта Х-31П радиолокацияга қарши ракетаси қўлланган.
Украина мудофаа тизими эса юқори даражада ишлади. Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва радиоэлектрон уруш воситалари ёрдамида душманнинг 406 та нишони йўқ қилинган ёки зарарсизлантирилган. Лекин ушбу мудофаага қарамасдан, Россия ҳужуми бир нечта тинч аҳолининг ўлими ва кўплаб жароҳатланган инсонларга олиб келди.
Айтиш керакки, мазкур ҳужум халқаро сиёсатчилар ва кузатувчилар орасида катта акс-садо бериб, Россияга нисбатан янги санкциялар ва бошқа дипломатик чоралар кўрилиш эҳтимолини янада кучайтирди.
Жаҳоннинг кўплаб етакчи давлатлари, айниқса Европа Иттифоқи ва АҚШ, вазиятни жиддий кузатиб боришмоқда ва кейинги қадамларни муҳокама қилмоқдалар. Зеленский эса ўз навбатида дунё ҳамжамиятидан амалий ва тезкор чоралар талаб қилиб, Москвага нисбатан босимни кучайтириш лозимлигини яна бир бор урғулади.
Бу вазият Россия ва Украина ўртасидаги урушда янги кескинлик даражасини кўрсатмоқда. Келгусида дунё ҳамжамияти томонидан қабул қилинадиган қарорлар вазиятнинг қандай кечишига бевосита таъсир кўрсатиши аниқ. Шу сабабли, халқаро ташкилотлар ва йирик давлатлар бугунги вазиятни бартараф этиш учун қатъий ва аниқ қадамлар ташлашлари кутилмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар