date
views 309

Лос-Анжелесда тартибсизлик: Трамп Миллий гвардияни юборди

Лос-Анжелесда тартибсизлик: Трамп Миллий гвардияни юборди
АҚШнинг Калифорния штатидаги Лос-Анжелес шаҳрида икки кундан буён Иммиграция ва Божхона хизмати (ICE) томонидан олиб борилаётган кенг кўламли рейдларга қарши кучайиб бораётган оммавий норозилик намойишлари юзасидан вазият янада кескинлашмоқда. DW нашри хабар беришича, АҚШ президенти Дональд Трамп вазиятни назоратга олиш учун 2000 нафар Миллий гвардия аскарини шаҳарга юбориш ҳақида фармойиш берди.

Президент матбуот котиби Керолайн Ливитт бу қарорни “тартибсизлик ва қонунбузарликларга қарши қатъий чора” сифатида баҳолади.

Маълумотларга кўра, ICE томонидан Сан-Диего шаҳридаги икки ресторанга ўтказилган рейдлар пайтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар портловчи чироқ-шовқин гранаталаридан фойдаланган. Бу эса фуқаролар томонидан қаттиқ қаршиликка учраган. Намойишчилар полиция ходимларига нисбатан бетон бўлаклари ва бошқа қаттиқ жисмлар билан ҳужум қилган.

Бир ҳафта давомида Лос-Анжелес ва унинг атрофида 118 нафар киши — асосан иммиграция қонунларини бузганликда гумон қилинган шахслар қўлга олинган.

Президент Трамп ўзининг Truth Social саҳифасида Калифорния губернатори Гевин Ньюсом ва Лос-Анжелес шаҳар мэри Карен Бассга мурожаат қилиб, агар улар вазиятни назорат қилолмаса, федерал ҳукуматнинг ўзи бу ишни ўз қўлига олишини, тартибсизликлар ва талончиликка чек қўйишини баён этди.

Ҳозирда Лос-Анжелес полицияси, ICE ва Миллий гвардия саъй-ҳаракатлари билан шаҳардаги вазиятни барқарорлаштириш ҳаракатлари давом этмоқда. АҚШ қонунчилигига кўра, президент муайян ҳолатларда Миллий гвардияни “тартиб сақлаш, намойишларни бостириш ва хавфсизликни таъминлаш” мақсадида фаоллаштириш ҳуқуқига эга.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Лос-Анжелесда тартибсизлик: Трамп Миллий гвардияни юборди