
2024 йил Германияда миграция соҳасидаги тарихий кўрсаткичлардан бири қайд этилди — йил давомида 291,9 минг нафар инсон Германия фуқаролигини қўлга киритиб, янги рекорд ўрнатди. Бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 46 фоизга кўпроқни ташкил этди ва мамлакатдаги миграция жараёнларидаги жиддий ўзгаришларни яққол намоён этди.
Германия ҳукумати эълон қилган расмий маълумотларга кўра, бу ўсиш, асосан, Суриядан келган қочқинлар ҳисобига юз берган. Улар 2015–2016 йилларда мамлакатга муҳожир сифатида келган ва ўтган йили фуқаролик олиш ҳуқуқини қўлга киритган. Бироқ шунга қарамай, бу йилги энг катта сюрприз — Россия фуқароларининг фаоллиги бўлди. Агар 2023 йилда Германия паспортини олган россияликлар сони 1995 нафарни ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 12 980 нафарга етди — олти баравар ўсиш!
Шу билан бирга, Туркия, Ироқ ва Афғонистондан келган муҳожирлар орасида ҳам Германия фуқаролигини олганлар сони анча ошган. Бундай кенг кўламли ўсиш, мутахассислар фикрига кўра, Германияда 2024 йилда амалга оширилган қонун ўзгаришлари билан бевосита боғлиқ.
Аниқ қилиб айтганда, Олаф Шолц бошчилигидаги ҳукумат жорий этган янги тартибга кўра, Германия ҳудудида саккиз йил эмас, беш йил яшаган муҳожирлар ҳам фуқароликка даъвогарлик қилишлари мумкин. Агар ариза берувчи жамиятга яхши интеграцияланган деб топилса, унга фуқаролик уч йилда ҳам берилса бўлади. Бу ўзгаришлар мамлакатда яшаб келаётган кўплаб муҳожирларга ҳуқуқий мақом олиш йўлини анча енгиллаштирди.
Бироқ сўнгги сиёсий ўзгаришлар бу йўналишда кескин бурилиш ясаши мумкин. Май ойида канцлерлик лавозимини эгаллаган Фридрих Мерц бошчилигидаги ҳукмрон коалиция тезлаштирилган фуқаролик бериш тартибини бекор қилишни режалаштирмоқда. Ички ишлар вазири Александр Добриндт бу қарорни “миграция жараёнини қатъий ва тизимли тартибга солиш” деб изоҳлади.
Бу қарор Германиядаги муҳожирлар ва ҳуқуқ фаоллари ўртасида турли муносабатларга сабаб бўлмоқда. Бир томонда миграция сиёсатини кучайтириш талаблари ортаётган бўлса, иккинчи томонда инсон ҳуқуқлари ва интеграция жараёнларига зарба етиши мумкинлиги ҳақида хавотирлар билдирилмоқда.
Яқин ойлар давомида Германияда бу борада қандай сиёсий қарорлар қабул қилиниши мамлакатдаги кўплаб муҳожирлар учун тақдирий аҳамият касб этади. Германия паспортига эга бўлиш йўли янада узайдими — бу савол жавобсиз қолмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар