date
views 178

АҚШ Украинага ҳарбий ёрдам бюджети қисқармоқда — расмий баёнот

АҚШ Украинага ҳарбий ёрдам бюджети қисқармоқда — расмий баёнот
Қўшма Штатлар Украинага қурол-яроғ етказиб бериш учун ажратиладиган маблағлар ҳажмини камайтиришга қарор қилди. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсет Конгресснинг Вакиллар палатасидаги сўнгги йиғилишида маълум қилди. Унинг таъкидлашича, Вашингтонда Украинага нисбатан янги сиёсий ёндашув ва стратегик қарорлар қабул қилинмоқда.

Мудофаа вазири ҳозирги АҚШ президенти маъмурияти Россия-Украина уруши бўйича “тамоман бошқача” ёндашувга эга эканини алоҳида қайд этди. “Биз тинчликка эришиш учун икки томон манфаатларини инобатга олган ҳолда сиёсат юритишни мақсад қилганмиз. Бу нафақат Украина ва Россия учун, балки АҚШнинг ўз манфаатлари учун ҳам тўғри ечим”, — деди Ҳегсет.

АҚШ сўнгги йилларда Украинага энг кўп ҳарбий ёрдам кўрсатган давлат бўлиб келди. Айниқса, Жо Байден маъмурияти даврида Киевга қурол-яроғ ва молиявий ёрдам кенг кўламда амалга оширилган эди. Бироқ, Доналд Трамп президентликка келгач, расмий Вашингтон томонидан Украинага ҳарбий таъминотни давом эттириш бўйича қарорлар қайта кўриб чиқилмоқда.

The Wall Street Journal нашрига кўра, АҚШ ҳукумати Украина учун мўлжалланган ракета компонентларининг катта қисмини Яқин Шарқдаги Америка қўшинларига йўналтиришга қарор қилган. Украина президенти Владимир Зеленский ҳам ушбу маълумотни тасдиқлаб, Киевда АҚШдан янги ҳарбий ёрдам келиши бўйича ноаниқлик сақланаётганини билдирган.

Бу янгилик халқаро ҳамжамият, айниқса, Европа ва Украинада жиддий хавотир уйғотмоқда. Америка маъмуриятида Украинага ёрдамни қисқартириш “дунёдаги барча қарама-қаршиликларни ҳисобга олган ҳолда, тинчлик йўлини топиш” зарурати билан изоҳланмоқда.

Экспертлар фикрича, янги сиёсий ёндашувлар ва бюджет чекловлари шароитида Украина фронтида вазият мураккаблашиши мумкин. АҚШнинг ёрдам қисқариши Киев учун жиддий қийинчиликлар туғдириши, шу билан бирга Россия ва Украина ўртасида музокараларга янги босқични бошлаши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ Украинага ҳарбий ёрдам бюджети қисқармоқда — расмий баёнот