date
views 121

Ғарб давлатлари икки исроиллик вазирга санкция қўйди

Ғарб давлатлари икки исроиллик вазирга санкция қўйди
Буюк Британия, Австралия, Канада, Янги Зеландия ва Норвегия 10 июн, сешанба куни Исроилнинг молия вазири Бетсалел Смотрич ҳамда миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвирга қарши санкциялар жорий этди. Бу ҳақда халқаро ахборот агентликлари хабар бермоқда.

Мазкур чоралар Ғарбий Соҳилда фаластинликларга нисбатан зўравонликни қўллаб-қувватлаш, уларни камситувчи ва кескин баёнотлар билан оммавий норозиликларни кучайтиргани билан изоҳланмоқда.

Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинган қўшма баёнотда:

“Биз икки давлат асосидаги ечимга содиқмиз. Бу — исроилликлар ва фаластинликларнинг хавфсизлиги, ҳуқуқлари ва минтақада барқарорликни таъминлашнинг ягона йўлидир. Афсуски, бу позиция экстремистик кўчманчи зўравонлиги ва янги аҳоли пунктларининг кенгайиши билан таҳдид остида қоляпти,” — дейилади.

Шунингдек, баёнот муаллифлари икки вазирни “фаластинликларга қарши экстремистик зўравонликни очиқдан-очиқ рағбатлантиргани, уларни мажбуран кўчиришга ва янги яҳудий аҳоли пунктларини қуришга даъват этгани” учун танқид қилмоқда. Уларнинг фикрича, бу ҳаракатлар инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши сифатида баҳоланади.

Ушбу беш давлат Исроил ҳукуматини халқаро ҳуқуқлар доирасида ўз мажбуриятларини бажаришга, шунингдек, экстремистик ва тажовузкор риторикани тўхтатишга чақирмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, Ғарб давлатларининг бу каби санкциялари илк бор эмас, аммо айнан ҳукумат аъзоларига қарши қаратилгани — дипломатик жабҳадаги кучли сигнал сифатида қабул қилинмоқда. Бу эса яқин шарқдаги вазият янада мураккаблашишидан дарак бериши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ғарб давлатлари икки исроиллик вазирга санкция қўйди