date

АҚШ 36 давлатга виза чеклови қўйиши мумкин: Қирғизистон ҳам рўйхатда

АҚШ 36 давлатга виза чеклови қўйиши мумкин: Қирғизистон ҳам рўйхатда
АҚШ давлат департаментининг янги ташаббуси мамлакатга кириш қоидаларини янада қатъийлаштириши мумкин. The Washington Post нашри эълон қилган маълумотларга кўра, АҚШ ҳукумати 36 та давлат фуқаролари учун виза тақдим этишни чеклашни режалаштирмоқда. Бу мамлакатлар орасида Африканинг йирик қисми, Осиё ва Кариб минтақасидан бир қатор давлатлар, жумладан Қирғизистон ҳам бор.

Рўйхатдан жой олган давлатлар қаторида Миср, Жибути, Камерун, Эфиопия, Бенин, Камбожа, Бутан, Сурия, Тувалу, Замбия ва бошқалар қайд этилган. Бу рўйхат АҚШнинг юқори хавфли деб баҳоланаётган минтақалар фуқароларига нисбатан шубҳасини янада оширмоқда.

Ҳужжатга кўра, давлат департаменти ушбу мамлакатларга янги талабларни бажариш учун 60 кунлик муддат белгилаган. Агар ушбу мезонлар бажарилмаса, фуқароларга АҚШ визаси беришда чекловлар жорий этилади. Буларга ишончли ҳужжатларни беришда ваколатли тузилмалар мавжуд эмаслиги, ҳужжат сохталиги ҳолатлари ва визанинг амал қилиш муддатига риоя қилинмаслиги каби муаммолар асос сифатида кўрсатилган.

Таҳлилчилар бу қарорни Дональд Трампнинг агрессив иммиграция сиёсатининг давоми сифатида баҳоламоқда. Аввалроқ у 12 давлат фуқароларига тўлиқ виза тақиқлови, 7 давлатга қисман чекловлар жорий қилган эди. Бу галги рўйхат Трампнинг 2023 йилда Ғазо, Яман, Ливия, Сурия каби ҳудудлардан келганларга тақиқ қўйиш ғоясининг янада кенг қамровли қўлланишига ўхшайди.

Ҳозирча давлат департаменти ва Оқ уй бу ҳужжатларга расмий муносабат билдиришдан тийилган. Аммо дипломатик манбаларда бу қарорнинг амалга ошиши АҚШдаги иммиграция сиёсатига жиддий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.

Мутахассислар ушбу қарорнинг халқаро муносабатларга, айниқса АҚШнинг Африка ва Осиёдаги ҳамкорликларига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлашмоқда. Шу билан бирга, бундай чекловлар АҚШ визасига эга бўлишни режалаштираётган минглаб оддий фуқаролар учун ҳам мураккаб тўсиқка айланади.

АҚШнинг хавфсизликни таъминлаш мақсадида қўллаяпган чекловлари бошқа давлатлар билан сиёсий алоқаларни ҳам совутиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Рўйхатдаги айрим давлатлар — АҚШнинг кўп йиллик ҳамкорлари саналади ва бу улар билан муносабатларда совуқликка олиб келиши мумкин.

Шу боис, яқин ҳафталарда АҚШнинг бу ташаббуси кенг муҳокамаларга сабаб бўлиши ва халқаро майдонда янги сиёсий тортишувларга туртки бериши кутилаяпти.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ 36 давлатга виза чеклови қўйиши мумкин: Қирғизистон ҳам рўйхатда