date

Ядро хавфи Марказий Осиёга ҳам таҳдид соладими? Олим фикри

Ядро хавфи Марказий Осиёга ҳам таҳдид соладими? Олим фикри
Яқин Шарқдаги геосиёсий зиддиятлар, хусусан, Эрон ва Исроил ўртасидаги ядро объектларига қилинган ҳужумлар нафақат минтақавий, балки глобал хавфсизлик учун ҳам жиддий таҳдид солмоқда. Мазкур вазият фонида Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон аҳолисини қийнаётган энг муҳим саволлардан бири: “Ядровий ҳалокат оқибатлари бизга ҳам таъсир этадими?”

Бу саволга иқлимшунос олим Эркин Абдулаҳатов жавоб берди. Унинг таъкидлашича, ядро объектларига берилган зарбалар оқибатида радиация хавфи ҳақиқатан мавжуд. Айниқса, Эрон ҳудудидаги Фордо, Натанз ва Исфаҳон ядровий мажмуаларига ракеталар ёки бомбалар билан зарба берилган пайтда, муайян об-ҳаво шароитида радиоактив нурланиш оқими бизнинг минтақамизга, яъни Ўзбекистонга ҳам кириб келиши мумкин.

Абдулаҳатов сўзларига кўра, Ўзбекистондаги об-ҳаво тузилиши ва атмосферадаги синоптик жараёнлар бу хавфнинг жиддийлигига таъсир кўрсатади. Унинг айтишича, Ўзбекистонга кириб келувчи ва ривожланувчи 15 хил синоптик жараённинг 2-3 тасида радиоактив нурланиш оқимлари Эрондан бизнинг мамлакатимизга тўсиқсиз етиб келиши эҳтимолдан холи эмас. Бу жараёнлар асосан ёз ойларида – термик депрессия ва паст босимли атмосфера шароитида юз беради. Айнан 11- ва 13-тур синоптик жараёнлар Марказий Осиёда ёзда ҳукмрон бўлиб, ташқи оқимларни бемалол олиб кириши мумкин.

Иқлимшунос олимнинг таъкидлашича, бу эҳтимоллар назарий бўлса-да, ҳозирча сунъий йўлдошлар ва замонавий атмосфера мониторинги маълумотлари Эрон ядровий объектлари атрофида радиация даражасининг ортиши кузатилмаганини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, халқаро ядро ташкилотлари – хусусан, МАГАТЭ раҳбари Рафаэл Гросси ҳам ядровий ҳужумлардан сўнг Натанз ва Исфаҳонда радиациявий ёки кимёвий ифлосланиш аниқланмаганини, атроф муҳитдаги радиоактивлик меъёрда эканини маълум қилди.

Шу билан бирга, экспертлар геосиёсий хавф туфайли доимий мониторинг зарурлигини таъкидлашмоқда. Зеро, ҳар қандай радиацион чиқинди ёки портлаш фақат бир мамлакат учун эмас, балки бутун минтақавий экотизим учун катта муаммолар келтириб чиқариши мумкин.

Якуний хулоса сифатида: ҳозирча Марказий Осиё ва Ўзбекистон учун ядро объектларидаги можаролар сабаб жиддий радиация хавфи кузатилмаяпти. Лекин об-ҳаво ва синоптик жараёнларга боғлиқ ҳолда бу хавф албатта инкор этилмаслиги лозим. Вақти-вақти билан мутахассислар, иқлимшунослар ва халқаро экспертлар томонидан аҳоли учун тўлиқ ва аниқ маълумот бериш энг долзарб вазифалардан бири бўлиб қолади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ядро хавфи Марказий Осиёга ҳам таҳдид соладими? Олим фикри