date

Россияда иш соати қисқарди — меҳнат бозори ўзгармоқда

Россияда иш соати қисқарди — меҳнат бозори ўзгармоқда
Россияда сўнгги уч йил ичида биринчи марта иш кунларининг ўртача давомийлиги қисқарди. Росстат маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи чорагида иш куни ўртача 7 соат 32 дақиқани ташкил этган. Бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан тўрт дақиқага камроқ, яъни 0,1 фоизга камайиш демакдир.

Мутахассислар бу ўзгаришни меҳнат бозоридаги мувозанатнинг тикланиши билан изоҳлашмоқда. Илгари кадрлар етишмовчилиги туфайли ишчиларга тушган юк миқдори ортиб кетган эди. Ҳозир эса корхоналарда қисман бандликка эга бўлган ишчилар сони ортиб, меҳнат фаолияти янада барқарор тус олмоқда.

Таҳлилчилар таъкидлашича, 2025 йилда меҳнат бозорида тескари тенденциялар кузатилмоқда — иш ҳақи ўсиши секинлашган, кадр танқислиги эса умуммиллий эмас, балки аниқ ҳудудлар ва соҳалардаги муаммога айланган. Бу эса корхоналарни янги ёндашувларга олиб келмоқда: улар иш ҳақини ошириш ўрнига, ходимларга иш юкини енгиллаштириш орқали имтиёз бермоқда.

Қизиқарлиси, энг узоқ иш соатлари балиқчилик, йўловчи ташиш, металл қазиб олиш ва соғлиқни сақлаш соҳаларида қайд этилган. Энг қисқа иш вақти эса сув ва ҳаво транспорти, кўмир саноати ва мебел ишлаб чиқариш соҳаларида кузатилган.

Иқтисодчилар фикрича, иш вақтининг қисқариши — нафақат иқтисодий, балки ижтимоий жараёнларнинг ҳам кўрсаткичи бўлиб, бу ходимлар учун яхшиланиш деб баҳоланиши мумкин. Иш ва шахсий ҳаёт ўртасидаги мувозанат муҳим аҳамият касб этиб бораётган бу даврда, Россиядаги бу тенденция бошқа мамлакатлар учун ҳам ўрнак бўлиши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россияда иш соати қисқарди — меҳнат бозори ўзгармоқда