date

Трамп ва Нетаняҳунинг Ғазо бўйича катта келишуви: урушга нуқта қўйиш ва янги сиёсий мувозанат

Трамп ва Нетаняҳунинг Ғазо бўйича катта келишуви: урушга нуқта қўйиш ва янги сиёсий мувозанат
Яқин Шарқдаги жиддий қарама-қаршиликлар ва урушлар фонида Доналд Трамп ва Бенямин Нетаняҳунинг янги сиёсий келишуви ҳақидаги хабарлар халқаро жамоатчиликнинг диққат марказига чиқди. “Israel Hayom” нашри ўз манбаларига таяниб ёзганига кўра, бу келишув Ғазо секторидаги урушни тезроқ тугатиш ва Исроилнинг араб дунёси билан муносабатларида янги саҳифа очишни кўзда тутмоқда.

Маълумотларга кўра, Трампнинг режасида Ғазодаги қуролли тўқнашувлар икки ҳафта ичида тўхтатилиши, АҚШ ва Евроиттифоқ террорчи ташкилот сифатида эътироф этган ҲАМАС раҳбарияти сектори тарк этиши белгиланган. Секторни бошқариш эса Миср ва БААни ўз ичига олган тўрт араб мамлакати зиммасига юклатилиши кутилмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат — 2023 йил октябридан буён гаровда сақланаётганлар озод этилиши ва ўз мамлакатидан чиқиб кетишни хоҳлаган фаластинликларга учинчи давлатларда бошпана топиш имконияти яратилиши керак. Бу орқали минтақадаги инсонпарварлик инқирозини юмшатиш кўзда тутилмоқда.

Трамп маъмуриятининг яна бир мақсади — Исроил ва араб мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни янада яқинлаштириш ва илк бор Саудия Арабистони, Сурия, Ливан каби давлатларни катта сиёсий келишувга жалб этишдан иборат. Мусулмон дунёси билан ҳамкорликни кучайтириш, минтақада барқарорлик ва иқтисодий интеграцияни таъминлаш асосий йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.

Янги келишув доирасида Исроил Фаластин мухториятида ислоҳотлар амалга оширилиши шарти билан мустақил Фаластин давлатини яратишни муҳокама қилишга рози бўлиши мумкин. Бунинг эвазига АҚШ Исроилнинг Иордан дарёси Ғарбий соҳилидаги айрим ҳудудлар устида суверенитетини тан олади.

Сиёсий таҳлилчиларга кўра, бу келишув фақат Яқин Шарқ эмас, балки бутун халқаро сиёсий майдонда катта ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин. Агар ҳужжат амалга ошса, Ғазодаги урушга нуқта қўйилиши, минглаб инсонлар ҳаёти сақлаб қолиниши ва янги сиёсий формат шаклланиши мумкин. Бундан ташқари, Исроил ва араб дунёси муносабатларида ҳам янги тарихий босқич бошланади.

Айни дамда барча эътибор Трамп ва Нетаняҳунинг ташаббусига, араб давлатлари ва халқаро ҳамжамиятнинг бу масалага муносабатига қаратилган. Яқин ҳафталарда минтақада сиёсий манзара қай тарзда ўзгариши, катта савол бўлиб турибди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трамп ва Нетаняҳунинг Ғазо бўйича катта келишуви: урушга нуқта қўйиш ва янги сиёсий мувозанат