
Жанубий Америкадаги йирик мафия оператораси қўлга олинди. Колумбия полицияси Лотин Америкасида фаолият юритган ва Европага гиёҳванд моддалар етказиб бериш занжирини бошқарган италиялик Жузеппе Палермони ҳибсга олди, деб хабар берди AP.
Маълум қилинишича, у нафақат Италиядаги, балки халқаро даражада энг хавфли жиноий тузилмалардан бири – “Ндрангета” мафияси етакчиларидан бири ҳисобланади. У Пеппе тахаллуси билан ҳам машҳур бўлиб, Интерпол томонидан халқаро қидирувга берилган.
Колумбия, Италия, Буюк Британия ва Европол ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамкорлигида ўтказилган махсус операция чоғида Палермо пойтахт Боготада жамоат жойида ушланган. Бу ҳибсга олиш нафақат Колумбия, балки бутун Европа учун катта муваффақият сифатида баҳоланмоқда.
Колумбия полицияси бошлиғи Карлос Фернандо Триана маълум қилишича, Жузеппе Палермо Жанубий Америкадан Европага кокаин етказиб бериш занжирида ҳал қилувчи фигура бўлган. У Колумбия, Перу ва Эквадорда кокаин ва бошқа гиёҳванд моддаларни сотиб олиш, сақлаш ва тарқатишни бошқарган. Шунингдек, денгиз ва қуруқлик орқали Европа бозорига етказиб бериш йўлларини назорат қилган.
Бундай трансмиллий фаолият “Ндрангета” мафиясининг халқаро миқёсдаги таъсирини яна бир бор кўрсатди. Италиянинг Калабрия минтақасида асос солинган ушбу гуруҳ, ҳозирда дунёдаги энг бой ва ёпиқ мафия тузилмаларидан бири сифатида баҳоланади. Улар асосан кокаин савдоси, пул ювиш ва ноқонуний қурол савдоси билан танилган.
БМТнинг 2023 йилги маълумотларига кўра, глобал ноқонуний кокаин ишлаб чиқариш ҳажми 3708 тоннага етган, бу эса 2022 йилга нисбатан 34 фоизга кўпдир. Бундай ўсиш, асосан, Колумбиядаги кока плантацияларининг кенгайиши билан изоҳланмоқда. Экспертлар ҳисоб-китобига кўра, фақат кокаин бозорининг ўзи йиллик 500 миллиард доллардан ортиқ айланмага эга.
Мафия етакчиси Жузеппе Палермонинг ушланиши халқаро гиёҳванд моддалар занжирига кучли зарба бўлди, дейишмоқда мутахассислар. Унинг иши энди халқаро суд муҳокамаларига ўтади. Унга нисбатан кўп сонли давлатларда жиноий айбловлар қўйилиши кутилаётгани боис, бу жараён жаҳон жамоатчилигининг диққат марказида бўлиб туриши аниқ. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар