
Покистоннинг Панжоб вилоятида 24 соат давомида ёғган кучли ёмғирлар оқибатида камида 63 киши ҳалок бўлди, 290 киши жароҳат олди, деб BBC хабар берди. Расмийларга кўра, ҳалок бўлганларнинг аксарияти қулаб тушган бинолар остида қолган, қолганлари эса сувга чўккан ёки ток урган.
Пойтахт Исломобод яқинидаги Равалпинди шаҳрида одамлар хавфсизлигини таъминлаш учун пайшанба куни оммавий дам олиш куни деб эълон қилинди. Шаҳар орқали оқиб ўтувчи дарё суви кўтарилаётганлиги сабабли унинг атрофидаги аҳолига эвакуация қилиш тавсия этилди.
Муссон мавсуми июн охирида бошланганидан бери бутун мамлакат бўйлаб ҳалок бўлганлар сони 180 нафарга яқинлашди. Улардан аксарияти болалар экани таъкидланмоқда. Панжобдаги бир нечта автомобил йўллари сув тошқинлари туфайли ёпилган, кўплаб авиарейслар бекор қилинган ёки кечиктирилган.
Вилоят раҳбари Марям Навоз пайшанба куни бир нечта ҳудудларда фавқулодда ҳолат эълон қилинганини маълум қилди. “Ҳукумат идоралари бор кучи билан ишламоқда”, деб ёзди у Х ижтимоий тармоғида ва фуқаролардан хавфсизлик қоидаларига амал қилишни сўради.
Чаквал шаҳрида сўнгги 24 соатда 400 мм ёмғир ёғди. Тарқалган фото ва видеоларда қутқарувчилар қайиқда сув босган жойларда қолиб кетган одамларни излаётгани кўрсатилган. Ҳарбий вертолётлар ҳам сув босган ҳудудлар устида айланган.
Панжоб расмийлари дам олиш кунлари давомида ёмғирлар ва тошқинлар давом этиши мумкинлигини огоҳлантирди. Вилоят бўйлаб минглаб қутқарувчилар кутув ҳолатига ўтказилган.
250 миллион аҳолига эга Покистон иқлим ўзгаришидан энг кўп азият чекаётган давлатлардан бири ҳисобланади. Бу ерда икки хил йирик об-ҳаво тизими мавжуд: бири иссиқ ва қурғоқчилик, бошқаси эса муссон ёмғирларини олиб келади.
Покистонда 13 мингдан ортиқ музлик мавжуд бўлиб, улар тез суръатларда эриб бормоқда.
2022 йилда мамлакатнинг учдан бир қисмини сув босган муссон тошқинлари 1 700 кишининг ўлимига олиб келган ва 30 миллиард доллардан ортиқ иқтисодий зарар етказган.
2023 йилда БМТ Бош котиби халқаро ҳамжамиятни Покистонга ёрдам беришга чақириб, уни иқлим ўзгариши ва “ахлоқсиз” глобал молиявий тизим қурбони деб атаган. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар