
Яқин Шарқдаги зиддиятлар фонида Америка дипломатияси янги жараёнга кирди: АҚШнинг Исроилдаги элчиси Майк Хакаби 19 июль куни Рамаллаҳ шарқидаги Тайбе қишлоғига бориб, яҳудий кўчманчилар ҳужумидан жабрланган фуқаролар ва диний жамоалар билан учрашди, деб ёзади Haqqin.az. Тайбе – асосан араб насронийлар истиқомат қиладиган, тарихий черковлари билан машҳур ҳудуд. Яқинда қишлоқдаги энг қадимий черковлардан бири вандаллар томонидан ёқиб юборилди ва бу жамоатчиликда катта шов-шувга сабаб бўлди.
Элчи Хакаби воқеани очиқ-ойдин террор ва вандализм, деб атади. Унинг таъкидлашича, дин, миллат ёки ирқдан қатъи назар, ҳар қандай муқаддас жойни – черков, масжид ё синагогани таҳқирлаш “инсоният ва Худога қарши жиноят” ҳисобланади. АҚШ дипломати ушбу воқеадан сўнг Исроилдаги барча Америка фуқаролари хавфсизлигини таъминлаш учун иш олиб бораётганини ва айбдорларнинг жазоланиши учун қаттиқ талаб қўяётганини билдирди.

Майк Хакаби қонун ҳимоя органларининг ҳаракатсизлигидан норози эканини яширмади: “Айбдорлар жавобгарликка тортилиши шарт, бу жараёнда кўз юмиб бўлмайди”, деди у. Элчи Тайбега ташрифидан мақсад фақат жабрланганлар билан бирдамлик ифодалаш эмас, балки воқеа ҳақида тўғридан-тўғри маълумот тўплаш ва халқаро ҳамжамият диққатини мазкур адоватга қаратмоқ эканини ҳам таъкидлади.
Маълумот учун, Майк Хакаби яқинда Исроил расмийларини христиан ташкилотларига виза беришдан бош тортгани учун оммавий равишда танқид қилган эди. Бу ҳолат Тайбедаги диний ҳужумлар фонида янада жиддий тус олди. Элчи ҳозир бу қишлоқда инсонийлик ва адолат тамойиллари устуворлигини таъминлаш учун ўз саъй-ҳаракатларини кучайтиришга ваъда берди.

Шу тариқа, Тайбеда содир бўлган воқеа халқаро дипломатик даражада ҳам катта акс садо берди ва АҚШ элчиси шахсан ташриф буюргани масаланинг жиддийлигига яна бир бор эътибор қаратди. Экспертлар бу ташаббусни минтақадаги динлараро тотувлик ва ҳуқуқий жавобгарлик учун муҳим қадам сифатида баҳолашмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар