Мисрлик насроний йигит Умра йўлланмасини қўшнисига совға қилди

Мисрда динлараро дўстлик ва инсонпарварликнинг ёрқин намунаси акс этган воқеа ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Насроний динига мансуб Мина исмли йигит Қуръон билимига оид онлайн танловда қатнашиб, қўлга киритган Умра йўлланмасини мусулмон қўшниси Ум Али ёки Мона исмли аёлга ҳадя қилди. Бу ҳақда iNews хабар берди.
Мина танлов ҳақида ижтимоий тармоқдаги жонли эфир орқали билган. Унда унинг 20 йилдан ортиқ вақтдан бери қўшни бўлиб келаётган Ум Али ҳам иштирок этган. Аёл узоқ йиллардан буён Умра зиёратига боришни орзу қилган.
Қўшнисининг ниятидан хабар топган Мина унга ёрдам беришга қарор қилган. У танловда иштирок этиб, имкониятини ошириш учун тўғри жавобни 50–60 мартадан кўпроқ юборган. Охир-оқибат, омад унга кулиб боқиб, Умра йўлланмасини ютиб олган.
Бироқ Мина мукофотни ўзи учун сақлаб қолмаган. У йўлланмани Ум Алига топшириб, унинг узоқ йиллик орзусини амалга оширишга ёрдам берган.
Мина Ум Али ва унинг оиласи билан муносабатлари оддий қўшничиликдан анча юқори эканини айтган. У Ум Али’ни ўзининг опасидек билиши, унинг ота-онасига эса ўз оиласидагидек ҳурмат ва меҳр билан муносабатда бўлишини таъкидлаган.
Воқеа Миср ижтимоий тармоқларида кенг муҳокама қилиниб, кўплаб фойдаланувчилар Минанинг эзгу ишини мусулмон ва насроний қўшнилар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва бирдамликнинг чиройли намунаси сифатида баҳолаган.






























Изоҳлар 0
…