date

Telegram асосчиси Дуров Парижда 10 соат сўроқ қилинди

Telegram асосчиси Дуров Парижда 10 соат сўроқ қилинди

Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров Франция пойтахти Париждаги суд биносида қарийб 10 соат мобайнида сўроқ қилинди, деб халқаро оммавий ахборот воситалари хабар бермоқда.

Маълумотларга кўра, бу Дуровнинг 2024 йил ёзидан бери тергов органлари томонидан учинчи марта чақирилиши ҳисобланади. Унинг сўроқ қилиниши Франция прокуратурасининг Telegram мессенжери орқали содир этилаётган жиноятларга оид гумонлари билан боғлиқ.

Франциялик терговчилар Telegram платформасини ноқонуний фаолиятларда, жумладан, наркотик моддалар савдоси, қурол-яроғ тарқатилиши ва одам савдосида восита сифатида фойдаланилаётгани мумкин, деб ҳисобламоқда. Шу боис, улар Дуровдан платформани қандай бошқараётгани ва маълумотлар билан қандай иш тутаётгани ҳақида аниқлик киритишни талаб қилмоқда.

Дуров ўз навбатида Telegram шахсий ҳаёт дахлсизлигини ҳимоя қилишни ўзининг устувор вазифаси сифатида белгилаганини таъкидлаган. У мессенжер шифрланган ва марказлашмаган тизим асосида ишлашини, шу боис фойдаланувчиларнинг шахсий ёзишмаларини кузатиш ёки уларни давлат идораларига тақдим этиш имконияти йўқлигини билдирган.

Бу воқеа жаҳон миқёсида оммавий муҳокамаларга сабаб бўлди. Ахборот хавфсизлиги ва шахсий маълумотлар муҳофазаси масалалари яна бир бор кун тартибига чиқди. Франция ҳукуматининг бу борадаги фаолияти рақамли платформаларга босим сифатида баҳоланаётгани ҳам йўқ эмас.

Ҳозирча Павел Дуровга расман жиноий иш очилмаган, бироқ тергов жараёни давом эттирилмоқда. Яқин кунларда мазкур иш бўйича янги маълумотлар эълон қилиниши кутилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Telegram асосчиси Дуров Парижда 10 соат сўроқ қилинди