Ҳамас томонидан бошқарилаётган Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 2023 йил 7 октябрдан бери давом этаётган Исроил геноциди оқибатида ҳалок бўлганлар сони 60 минг кишидан ошган.
Вазирликнинг сўнгги баёнотида айтилганича, ҳалок бўлганлар сони камида 60 034 кишини ташкил этмоқда. Улардан 18 592 нафари болалар, 9 782 нафари аёллардир. Якуний 24 соат ичида камида 112 киши, жумладан, 22 нафари гуманитар ёрдам олишга ҳаракат қилаётганлар ўлдирилган.
Ҳаво ҳужумлари оқибатида Ғазо шаҳри, Хон Юнис, Нусейрат ва Ал-Маваси ҳудудларида кўплаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди. Айрим оилалар деярли тўлиқ йўқ қилинди. Шунингдек, гуманитар ёрдам тарқатиш пунктлари яқинида ҳам ҳужумлар содир бўлган.
БМТ маълумотларига кўра, 27 майдан бери 1 000 дан ортиқ фаластинлик ёрдам олишга уринаётган вақтда ўлдирилган. Исроил бу даъволарни рад этиб, фақат огоҳлантирувчи ўқлар отилганини таъкидламоқда.
Бошқа томондан, Ғазода очлик тобора кучаймоқда. БМТ ҳомийлигидаги глобал озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича экспертлар огоҳлантиришича, энг ёмон сценарий – очарчилик – ҳозирда “амалда рўй бермоқда”.
Исроил ҳалок бўлганлар сони бўйича расмий рақамларни танқид остига олиб, уларнинг қанча қисми "жангарилар" эканини аниқлаш қийинлигини айтмоқда. Исроил армияси йил бошида 20 000 дан ортиқ Ҳамас ва Исломий Жиҳод жангарилари ўлдирилганини билдирган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!