2025-йил апрелидан бери АҚШ Президенти Дональд Трампнинг қайтиши билан жаҳон савдо тизимида катта силкинишлар кузатилди. У мамлакатга импорт қилинаётган юзлаб маҳсулотларга ўта юқори бож ставкаларини жорий этди. Бу қарорлар нафақат глобал иқтисодиётга, балки америкалик истеъмолчиларнинг ҳам чўнтагига таъсир қилмоқда.
Божхона даромадлари ошди, бироқ иқтисодий ўсиш секинлашмоқда
АҚШнинг ўртача бож ставкаси 2024-йилдаги 2,4%дан 18,2%га кўтарилган — бу 1930-йиллардан бери энг юқори кўрсаткичдир. Натижада, июн ойида бождан тушган даромад $28 млрд.га етди. Бироқ Конгресс бюджети идораси (CBO) огоҳлантиришича, бу сиёсат узоқ муддатда иқтисодий ўсишни секинлаштиради.
АҚШнинг савдо танқислиги кенгаймоқда
Трамп божлар орқали хорижий товарлар оқимини қисқартириб, савдо танқислигини камайтиришни мақсад қилган. Аммо аксинча, АҚШнинг март ойидаги савдо танқислиги рекорд даражадаги $162 млрд.га чиқди. Сабаби — маҳаллий компаниялар бож жорий этилишидан олдин маҳсулотларни захиралаб олишга уринди.
Хитойдан импорт камайди, лекин Осиёдаги айланма йўллар кўпаяпти
Хитойдан АҚШга экспорт 11%га камайган. Бироқ Хитойнинг Ҳиндистон, Жануби-Шарқий Осиё ва Европага экспорти ошган. Бу, айрим иқтисодчиларга кўра, "бождан қочиш" ҳолатларининг ошганидан далолат.
Истеъмол нархлари кўтарилмоқда
Йирик чакана савдо тармоқларида компьютерлар, ўйинчоқлар ва спорт анжомлари каби импорт маҳсулотлар нархи ошган. Июндаги инфляция даражаси 2.7%га чиқиб, йил бошига нисбатан ўсди.