Туркияда умр кўриш давомийлиги ортиб бормоқда. Туркия статистика институти томонидан 2022–2024 йилларга оид “Ҳаёт жадваллари” ҳисоботи эълон қилинди.
Маълумотларга кўра, мамлакатда туғилган чақалоқ учун кутилган ўртача умр 78,1 йилни ташкил қилмоқда. Бу кўрсаткич аввалги йилларга нисбатан ўсгани қайд этилган.
Аёллар учун умр кўриш давомийлиги 80,7 йилни, эркакларники эса 75,5 йилни ташкил қилмоқда. Бу эса турк аёллари эркакларга нисбатан ўртача 5,2 йил кўпроқ яшашини кўрсатади.
Яна бир муҳим кўрсаткич – таълим даражаси ва умр давомийлиги ўртасидаги боғлиқлик. Ҳисоботга кўра, олий маълумотга эга 30 ёшли шахслар ўрта маълумотлиларга нисбатан тахминан 5 йил кўпроқ умр кўриши мумкин.
Соғлом умр кўриш давомийлиги эса ўртача 57,6 йил деб баҳоланган. Қизиғи шундаки, бу кўрсаткичда эркаклар (58,9 йил) аёллардан (56,3 йил) бироз устунлик қилмоқда.
Шунингдек, 65 ёшга етган шахслар учун ўртача яна 18 йил умр давом этиши тахмин қилинмоқда.
Туркия соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар, тиббий хизматлар сифати ва жисмоний фаолликни оширишга қаратилган чоралар бу ўсишга ижобий таъсир кўрсатмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!