АҚШ етакчиси Доналд Трамп ҳамда Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев ўртасидаги сўзли қарама-қаршилик ижтимоий тармоқлар майдонида яна кучайди. Икки сиёсий арбоб ўртасидаги бу галги тортишув жамоатчилик эътиборини тортган ҳолда жиддий муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Можаро Трамп томонидан Россия президенти Владимир Путинга Украина билан тинчлик келишувига эришиш учун атиги 10 кунлик муҳлат таклиф қилиниши билан бошланди. Бу баёнот дунё медиа майдонида кескин фикрларга сабаб бўлди.
Шундан сўнг Дмитрий Медведев ижтимоий тармоқ орқали жавоб қайтарди ва Трампнинг талабини қаттиқ танқид остига олди. У ўз фикрини X платформасида қуйидагича баён этди:
"Трамп Россияга нисбатан ултиматумлар ўйнамоқда. Баъзан 50 кун, баъзан 10 кун талаб қилади. Аммо у икки муҳим жиҳатни унутмаслиги лозим: 1. Россия — Исроил ҳам, Эрон ҳам эмас. 2. Ҳар бир янги ултиматум — урушга бўлган хавф ва қадам. Бу эса Россия ва Украина ўртасида эмас, айнан унинг ўз мамлакати учун таҳдиддир", — деб ёзди Медведев.
Мазкур танқидга Трамп ўзининг Truth Social платформасида жавоб қайтарди. Унда Медведевни "омадсиз" деб атади ва ўзига тегишли сўзлардан тийилишни тавсия қилди:
"Мен учун Ҳиндистоннинг Россия билан қандай муносабатда эканлиги муҳим эмас. Улар истаганича ўз иқтисодиётларини йўқ қилиб юборишлари мумкин, менинг ишим эмас. Энг муҳими — Россиянинг собиқ омадсиз президенти, ҳали ҳам ўзини раҳбар деб билувчи Медведевга оғзини букишни айтинг. У хавфли ҳудуд сари юриб бормоқда", — дея баёнот берди Трамп.
Бу баёнотлар билан чекланмаган Медведев Трампнинг қаттиқ асабий муносабатига ҳам муносабат билдирди. Унинг таъкидлашича, Трампнинг танқидий қайдлари Россиянинг фикри ҳақлигини яна бир бор исботлайди:
"Агар Россиянинг собиқ президентининг бир неча сўзлари АҚШнинг амалдаги президентида бундай кучли асабий реакция уйғотган бўлса, демак, Россия тўғри йўлда кетмоқда ва ҳақиқат унинг томонида", — дея таъкидлади Медведев ўз Телеграм каналида.
Шу билан бирга, Медведев Трампнинг "ўлик иқтисодиёт" деган ифодасига жавобан жиддий баёнот берди. У ядровий таҳдидга ишора қилар экан, шундай деди:
"У ўзининг севимли “тирик мурдалар” ҳақидаги фильмларини ва мавжуд бўлмаган “ўлик қўл” тизимининг қай даражада хавфли эканини ёдга олсин."
Унинг бу гапи орқали назарда тутилган “ўлик қўл” — бу Россиянинг “Периметр” деб номланган ядровий жавоб тизими бўлиб, Ғарбда “Dead Hand” номи билан маълум. У ядровий ҳужумга автоматик равишда оммавий жавоб қайтариш имконини берувчи тизимдир.
Бу воқеалар глобал сиёсий муносабатлар янада кескинлашиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Мухлислар эса келгусида қандай риторика ва сиёсий изоҳлар берилишини қизиқиш билан кузатишмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!