Исроил бош вазири Биньямин Нетаняху Ғазодаги вазият юзасидан халққа видеомурожаат йўллаб, унда ҲАМАСни кескин танқид остига олди. Унинг таъкидлашича, ҲАМАС ўзининг асосий мақсадларидан бири сифатида келишувларга қарши чиқишни кўзламоқда ва бунинг учун турли воситалардан, жумладан, жаҳон бўйлаб тарқатилаётган таъсирли видеолар ҳамда воқеликка тўғри келмайдиган тарғиботлардан фойдаланмоқда.
“Мен ҲАМАСнинг нима ниятда эканини жуда яхши биламан. Улар музакарали йўл билан ҳеч қандай келишувга эришиш ниятида эмас. Улар жаҳон ҳамжамиятининг фикрига таъсир ўтказиш мақсадида қалбаки ва шов-шувли тасвирлар орқали бизнинг ички бирдамлигимизни издан чиқаришга уриняпти”, — деди Нетаняху мурожаати давомида.
Исроил жамоатчилиги олдида чиқиш қилар экан, Бош вазир видеолар орқали тарқатилаётган суратлар ва материаллардан қаттиқ таъсирланганини яширмади. Шунингдек, у асирга олинган шахсларнинг яқинлари билан шахсан учрашиб, уларнинг дардига қулоқ тутганини таъкидлади.
Нетаняхунинг сўзларига қараганда, ҲАМАС томонидан ушбу гаровда ушлаб турилган инсонларга нисбатан қўлланилаётган муносабат “нацистлар иккинчи жаҳон уруши пайтида яҳудийлар билан қандай муомала қилган бўлса, шунга ўхшаш”. Яъни, уларни қасддан очликда сақлаш, инсонпарварлик меъёрларини қўпол равишда бузиш ҳолатлари кузатилмоқда.
“Бироқ биз бу босимлар ва таҳдидлар олдида чекиндик деб ўйламасинлар. Мен ўз ота-онаси ва юртдошларининг умиди бўлиб турган асирларимизни озод қилиш, ҲАМАСни бутунлай йўқ қилиш ва келгусида Ғазо ҳудудидан Исроилга ҳеч қандай хавф солинмаслигини кафолатлаш мақсадида ўз қароримда янада қатъий турибман”, — дея хулоса қилди Исроил раҳбари.
Бу баёнот нафақат ички жамоатчиликка, балки халқаро миқёсда ҳам жиддий сигнал сифатида баҳоланмоқда. Вазият кескин тус олаётган бир пайтда, ҳар бир сўз, ҳар бир ҳаракат катта сиёсий ва инсонпарвар аҳамият касб этмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!