Киев маълумотларига кўра, Россия ҳукумати Украинага қарши урушда иштирок этаётган жангчилар сонини ҳар ой сари 9 минг нафарга ошириб бормоқда.
Украина Қуролли Кучлари Бош қўмондони Александр Сирскийнинг таъкидлашича, Россия ўз ҳарбий салоҳиятини жиддий равишда кенгайтириш ниятида. Унинг фикрича, Москва 2025 йил охиригача камида 10 та янги дивизия тузишни мақсад қилган. Бу режанинг икки қисми — икки дивизия — аллақачон шакллантирилган.
Александр Сирский бу ҳақда 5 август куни, Украина Қуролли кучларининг июль ойидаги ҳаракатларини таҳлил қилишга бағишланган йиғилишдан сўнг маълум қилди. Унинг қайд этишича, Россиянинг жангчилар сонини босқичма-босқич ошириши Киевни ҳам ҳаракатсиз қолдирмаслиги керак.
“Бу шароитда Украина ҳеч қандай сукунатга йўл қўя олмайди. Биз сафарбарлик жараёнларини давом эттиришимиз, ҳарбий тайёргарликни янада такомиллаштиришимиз ва айниқса, учувчисиз қуроллар салоҳиятини оширишимиз шарт”, — деди у.
Сирскийга кўра, июль ойи Украина учун жуда ҳам кескин ва машаққатли кечди. Россия армияси деярли бутун фронт бўйлаб фаол ҳаракатларга ўтди. Улар айниқса, кичик гуруҳларнинг тезкор ҳужумлари орқали "майда кесиш" тактикасини қўллашга уринмоқда.
У эътироф этганидек, Покровск, Доброполе ва Новопавлово йўналишларида вазият жуда оғир. Аммо айни пайтда, Украина армияси Северо-Слобожанск йўналишида, хусусан, Суми вилоятини қайтариб олишда муайян ютуқларга эришган. Шунингдек, улар Курск вилояти ҳудудида ҳам фаол ҳарбий операцияларни давом эттирмоқда.
Бу воқелик Украина ва унинг ҳарбий қўмондонлиги учун янада жиддий тайёргарлик ва чуқур стратегик фикрлашни талаб этмоқда. Чунки Россия нафақат сониявий, балки стратегик устунликка эришишга интилмоқда. Шу билан бирга, Киев ҳам ўз жавобини шакллантирмоқда — технология, тайёргарлик ва сафарбарлик орқали.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!