date

Беларусь чегарада фаоллашди, янги кескинлик эҳтимоли ортмоқда

Беларусь чегарада фаоллашди, янги кескинлик эҳтимоли ортмоқда

Яқин кунларда Шарқий Европа минтақасидаги вазият янада таранглашмоқда. Украина президенти Володимир Зеленский маълум қилишича, разведка ахборотларига кўра, Беларусь Украина билан чегара ҳудудларида инфратузилма қурилиши ва артиллерия позицияларини жиҳозлаш ишларини бошлаган.

Зеленскийнинг таъкидлашича, бу ҳаракатлар ортида Россиянинг яна Беларусни уруш жараёнига жалб этишга бўлган уринишлари турибди. У ўзининг Telegram орқали берган баёнотида, Москва бу орқали ҳарбий кучларини қайта гуруҳлаштириш ва шахсий таркиб етишмовчилигини қоплашга интилмоқда, деган фикрни илгари сурди.

«Биз Россия яна бир бор Беларусни ўз урушига тортишга уринмоқда, деб ҳисоблаймиз», — деб ёзди Зеленский ўзининг Telegram-каналида.

Украина раҳбари шунингдек, дипломатик каналлар орқали Беларусь ҳукуматига аниқ сигнал юборилганини билдирди. Унга кўра, Украина ўз ҳудуди ва мустақиллигини ҳимоя қилишга тўлиқ тайёр ва ҳар қандай таҳдидга жавоб қайтариш имкониятига эга.

Зеленский бу вазиятни халқаро контекстда ҳам баҳолаб, Николас Мадуро билан боғлиқ сўнгги воқеаларни мисол келтирди. Унинг фикрича, бу каби ҳолатлар бошқа давлатлар учун ҳам огоҳлантирувчи сигнал бўлиши керак.

«Венесуэладаги сўнгги воқеаларнинг хусусияти ва оқибатлари Беларусь раҳбарияти учун хатоларга йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида огоҳлантирувчи сигнал бўлиши керак», — деди у.

Ўз навбатида, Беларусь раҳбари Александр Лукашенко ҳам мамлакат ҳарбий салоҳиятини кучайтириш борасидаги режаларини яширмаяпти. У апрель ойи бошида Қуролли кучларни текшириш якунлари бўйича ўтказилган йиғилишда мамлакат ҳар қандай эҳтимолий можарога тайёргарлик кўраётганини очиқ айтди.

“Агар бизга қарши куч ишлатилса, биз ҳам муносиб жавоб берамиз. Шунинг учун ҳозирдан тайёргарлик кўряпмиз”, — деган Лукашенко. Унинг сўзларига кўра, эҳтимолий уруш ҳолатида Беларусь армияси сонини 500 минг нафаргача етказиш имконияти мавжуд.

Беларусь томони бу ҳаракатларни геосиёсий вазиятнинг кескинлашуви ва чегаралар яқинидаги таҳдидлар билан изоҳламоқда. Шу билан бирга, Лукашенко аввалроқ Беларусга қарши эҳтимолий ҳужум “учинчи жаҳон урушига кириш нуқтаси” бўлиши мумкинлигини ҳам таъкидлаган эди.

Айни пайтда минтақадаги вазият ноаниқлигича қолмоқда. Экспертлар фикрича, томонлар ўртасидаги ишонч инқирози ва ҳарбий фаолликнинг ошиши янги кескинлик босқичига олиб келиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Беларусь чегарада фаоллашди, янги кескинлик эҳтимоли ортмоқда