date

Фаластин давлат мақомини олиш арафасида – БМТда тарихий қадам

Фаластин давлат мақомини олиш арафасида – БМТда тарихий қадам

Сиёсий майдонда жиддий ҳаракатлар кузатилаётган бир вақтда, Фаластин миллий маъмурияти ўз тақдири учун янги тарихий саҳифани ёзишга тайёргарлик кўрмоқда. Хусусан, сентябрь ойида Ню-Йорк шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТ Бош ассамблеясининг навбатдаги йиғилишида Фаластин мухторияти расман Фаластин давлати мақомини олиши мумкинлиги ҳақида жиддий мулоҳазалар илгари сурилмоқда. Бу ҳақда Al Araby Al Jadeed нашри ўз манбасига таяниб маълум қилди.

Манбанинг айтишича, Фаластин раҳбарияти бу муҳим қадамни президент Маҳмуд Аббоснинг шахсан БМТ минбаридан туриб бир томонлама эълон қилиши имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу қарор қабул қилинса, минтақа ва халқаро сиёсатда янги воқеалар занжири бошланиши табиий.

Шу билан бирга, расмий қарордан олдин Аббос конституциявий баёнот бериши ва унда давлатнинг асосий қонунчилик пойдевори, чегаралари ҳамда бошқарув тизими аниқ белгиланиши кутилмоқда. Шунингдек, Фаластин миллий кенгаши сайловларининг аниқ санаси ҳам эълон қилиниши шарт. Манбанинг таъкидлашича, “конституциявий баёнот президент томонидан имзоланади ва давлатнинг чегаралари ҳамда қонуний асослари расмийлаштирилади”.

Аслида, мухториятни тўлиқ давлат мақомига ўтказиш ғояси илк бор 2015 йилда кун тартибига киритилган, аммо ўшанда бу масала президент томонидан изоҳсиз қолдирилиб, музлатиб қўйилганди.

Яқинда эса халқаро майдонда Фаластинни тан олиш имкониятига муносабат яна фаоллаша бошлади. Июл ойининг охирларида 15 мамлакат ташқи ишлар вазирлари бундай ташаббусни қўллаб-қувватлади. Уларнинг орасида Австралия, Андорра, Ирландия, Исландия, Испания, Канада, Люксембург, Малта, Янги Зеландия, Норвегия, Португалия, Сан-Марино, Словения, Финляндия ва Франция каби давлатлар бор.

Шубҳасиз, агар сентябрда БМТда мазкур баёнот эълон қилинса, Фаластиннинг халқаро нуфузи сезиларли даражада ошиши ва минтақа геосиёсий муҳитида янги саҳифа очилиши мумкин. Бу эса яқин йилларда кўп йиллик тортишув ва музокараларга янги туртки бериши эҳтимолдан холи эмас.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Фаластин давлат мақомини олиш арафасида – БМТда тарихий қадам