Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми лицензиясиз балиқ овлагани учун жаримага тортилиши мумкин, деб хабар берди Sky News телеканали.
Маълумотларга кўра, ҳодиса Кент графлигидаги вазирнинг норасмий резиденцияси — Шевенинг-Хаус ҳовузида содир бўлган. У ерда Лэмми АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс ва унинг фарзандлари билан бирга бўлган. Вазирнинг ўзи балиқ тута олмаган, аммо Вэнс оиласи бир нечта балиқ ушлаган.
Британия қонунларига кўра, 13 ёшдан катта ҳар бир киши лосось, форель, тоза сув балиқлари, корюшка ёки угра овлаши учун давлат лицензияси олиши шарт. Лэмми қоидани бузганини англаганидан сўнг ўзи расмий идораларга хабар қилган.
Лицензиясиз ов учун максимал жарима 2 500 фунт стерлинггача белгиланган. Ҳозирча вазирга нисбатан расмий чора кўрилгани ҳақида маълумот берилмади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!