Қирғизистон Республикасида манзил-колонияларни тугатиш ва жазони ижро этиш тизимини модернизация қилиш қарори қабул қилинди. Бу ҳақда 19-август куни бўлиб ўтган брифингда мамлакат адлия вазири Аяз Баетов маълум қилди.
“Жазони ижро этиш муассасалари бор – бу қамоқхоналар, манзил-колониялар ҳам мавжуд. Аммо маҳкумлар манзил-колонияларга боришни истамай қўйди. Олдин улар фақат рўйхатдан ўтиш ва назорат учун борган. Шундан сўнг биз пробация тизимини жорий қилдик ва икки тизим ўзаро такрорланадиган бўлиб чиқди. Кадрлар етишмовчилиги ҳам муаммо эди. Энди манзил-колониялар тугатилиб, барча маҳкумлар пробация тизимига ўтказилади”, — дея изоҳ берди Баетов.
Вазирнинг маълумотларига кўра, 10 дан ортиқ манзил-колония ёпилади. Тегишли фармонни 4-август куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров имзолаган. Бу қарор мамлакатнинг жазони ижро этиш тизимини соддалаштириш, ресурсларни самарали ишлатиш ва маҳкумларни жамиятга интеграция қилишга қаратилган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!