АҚШнинг истеъмол маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича комиссияси (CPSC) кенг жамоатчиликка муҳим огоҳлантириш билан чиқди. Комиссия баёнотида айтилишича, кейинги пайтларда ёш болалар орасида оммалашиб кетаётган Лабубу ўйинчоқлари уларнинг саломатлиги ва ҳаёти учун жиддий таҳдид туғдириши мумкин.
Маълумотларга кўра, бозорда юмшоқ пластикдан ясалган турли фигуралар ва калит занжир кўринишида сотиладиган Лабубу маҳсулотлари айниқса ёш болалар учун хавфли. Чунки бу ўйинчоқларнинг шакли ва ўлчами уларни болаларнинг оғзига осонгина солиб олиш имконини беради. Шу сабабдан ҳам улар нафас йўлларини тўсиб қўйиши ва нафас олиш жараёнига халақит бериши мумкинлиги қайд этилган.
Комиссиянинг маълум қилишича, Лабубу ўйинчоқлари осонгина майда қисмларга бўлиниши мумкин. Бу эса уларни янада хавфли қилади. Чунки кичик бўлаклар боланинг томоғида қолиб кетиши эҳтимоли юқори. Бундай ҳолат эса нафақат оғир жароҳат, балки фожиали оқибатларга ҳам олиб келиши мумкин.
CPSC экспертлари бу камчиликлар АҚШга Хитойдан олиб кирилаётган партияларда аниқланганини маълум қилди. Мутасаддилар эса савдода бўлган барча турдаги Лабубу маҳсулотларини диққат билан текширишга чақирмоқда.
Маълумот учун: Лабубу — гонконглик машҳур рассом Лун Касин томонидан 2015 йилда яратилган эльфга ўхшаш қаҳрамон образидир. У катта ва ёрқин кўзлари, учли қулоқлари ҳамда тоғорасимон тоғри тишлари билан ажралиб туради. Бошқа ўйинчоқлардан фарқли равишда у фантастик кўриниши билан болалар ва коллекторлар орасида катта қизиқиш уйғотган.
Айтиш жоизки, ўтган йилнинг охиридан буён Лабубу маҳсулотларига талаб кескин ошиб кетди. Унинг машҳурлиги нафақат Осиё мамлакатларида, балки АҚШ ва Европада ҳам ортиб бораётгани қайд этилмоқда.
Шунга қарамай, мутахассислар ота-оналарни эҳтиёткорликка чақириб, болалар соғлиғини биринчи ўринга қўйиш зарурлигини таъкидлашмоқда. Чунки ўйинчоқ қанчалик қизиқарли ва оммавий бўлмасин, унинг хавфсизлиги ҳар доим устувор бўлиши шарт.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!