АҚШ маъмурияти Фаластин фуқаролари, хусусан, Ғазо сектори ва Ғарбий Соҳилда яшаётган шахслар учун визалар берилишини босқичма-босқич тўхтатишга киришди. Бу ҳақда “New York Times” нашри расмий манбаларга таяниб хабар берди.
Маълумотларга кўра, 16 август куни АҚШ Давлат департаменти Ғазо аҳолиси учун ҳар қандай турдаги ташриф визаларини бекор қилганини эълон қилди. Орадан икки кун ўтиб, 18 август куни эса янада кескин қарор қабул қилинди.
Шу куни Вашингтон барча АҚШ элчихоналарига махсус кўрсатма юбориб, Ғарбий Соҳил ва хориждаги Фаластин диаспорасидан бўлган шахсларга иммиграцияга оид бўлмаган визаларни тақдим этиш жараёнини тўхтатиб қўйишни буюрди.
Бу чеклов Фаластинликларнинг АҚШга бориш мақсадида оладиган визалари — таҳсил олиш, даволаниш, хизмат сафари, оилавий ташрифлар каби йўналишларга ҳам таъсир кўрсатади.
29 август куни АҚШ Давлат департаменти яна бир жиддий баёнот билан чиқди. Унда айтилишича, сентябрь ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтадиган БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида қатнашиш учун визалар сўраб мурожаат қилган Фаластин расмийларининг аризалари рад этилган.
Баёнотда таъкидланишича, АҚШ қонунчилигига мувофиқ, Давлат котиби номидан сенатор Марко Рубио томонидан Фаластин Озодлик Ташкилоти (FOT) ҳамда Фаластин маъмурияти вакилларига виза бериш бекор қилинган ёки рад этилган.
Вашингтоннинг ушбу қатъий қарори Фаластин томонида кескин норозилик уйғотди. Расмий Рамалла буни сиёсий босим ва Фаластиннинг халқаро майдондаги овозини чеклаш уриниши сифатида баҳоламоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!