Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Афғонистонда яқинда содир бўлган зилзила оқибатларини бартараф этиш ва вазиятни аниқ баҳолаш мақсадида 25 та махсус гуруҳни сафарбар этди. Бу ҳақда БМТнинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси расман маълум қилди.
БМТ матбуот хизмати маълум қилишича, “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минтақадаги вазиятни ўрганиш ва таҳлил қилиш учун камида 25 та махсус гуруҳни жойлаштирди ва ҳозирданоқ табиий офат оқибатларини бартараф этишда фаол ёрдам кўрсатмоқда. Шунингдек, зарурий юкларни бориш мумкин бўлган аҳоли пунктларига ўз вақтида етказиб бермоқда”, дейилади хабарда.
Идора таъкидлашича, ҳозирда бошпана ва тиббиёт анжомлари қурилиши учун зарурий материаллар захираси қисқариб бормоқда, жорий молиялаштириш эса барча эҳтиёжларни қондириш учун етарли даражада эмас. Шу билан бирга, табиий офат минтақада кўплаб инқирозларга дуч келаётганини, жумладан, қаттиқ қурғоқчилик ва қўшни мамлакатлардан Афғонистонга миллионлаб муҳожирлар қайтиши каби хавфларни ҳам олиб келгани қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, 31 август куни Ҳиндукуш тоғларида 6,2 магнитудали зилзила кузатилган эди. Бу силкинишлар Афғонистоннинг шарқидаги Асадобод шаҳридан 27 км жануби-ғарбда содир бўлган. “Кҳаама Пресс” хабарига кўра, кучли силкинишлар бутун қишлоқларни вайрон қилган, кўчкилар айрим аҳоли пунктларига кириш йўлларини тўсиб қўйган ва алоқа линиялари узилган. Қутқарув ишлари эса оғир тоғли ерларда, мураккаб шароитларда амалга оширилмоқда.
Афғонистон расмийлари эълон қилишича, зилзила қурбонлари сони 1411 кишига етган, яна 3124 киши жароҳат олган. Бу эса минтақанинг аҳволини жиддийлаштириб, халқаро ёрдам ва тезкор қутқарув ишларининг зарурлигини яна бир бор кўрсатмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!