Nestlé компанияси бош директори Лоран Фрейше ўз қўл остида ишловчи ходима билан шахсий муносабатлари ошкор бўлгач, лавозимини тарк этди. Бу ҳақда компания расмий сайтида эълон қилинди.
Nestlé'нинг хулқ-атвор кодексига кўра, раҳбар ва ходим ўртасидаги бундай алоқалар қатъиян ман этилади. “Бу мажбурий қарор эди. Nestlé қадриятлари ва бошқарув тамойиллари компаниямизнинг пойдеворини ташкил этади”, — деди директорлар кенгаши раиси Пол Бюлке.
Лавозимга Филипп Навратил тайинланди. У аввал Nescafe ва Nespresso каби брендлар ривожига масъул бўлган. У 2025 йил 1 январдан Nestlé Ижроия кенгаши таркибига қўшилган.
Июль ойида эса Coldplay концертда “kiss-camera” орқали бошқа бир можаро юзага келган эди. Унда турмуш қурган жуфтлик сифатида кўрсатилган шахслар компаниянинг HR бўлими раҳбари Кристин Кабот ва IT мутахассиси Энди Байрон экани аниқланган. Видеонинг тарқалиши катта шов-шувга айланди ва интернетда кўплаб мемлар пайдо бўлди.
Орадан кўп ўтмай, Байрон ишдан кетгани маълум қилинди. Компания баёнотида: “Бизга раҳбарлар намуна бўлиши, ахлоқ ва масъулият меъёрларига риоя қилиши керак. Аммо сўнгги вақтда бу талаблар бузилди”, — дейилган. Байрондан сўнг Кристин Кабот ҳам лавозимини тарк этди.
Кутилмаганда эса 54 ёшли актриса Гвинет Пелтроу “Астроном” компаниясининг вақтинчалик вакили сифатида тайинланди. У бу ҳақда ҳазиломуз видеоролик орқали маълум қилиб, компания фаолиятига оид “энг кўп сўраладиган саволларга” жавоб қайтарди. Шу жумладан, “Ё Худо, нима бўлди?!”, “Сизнинг СММ жамоангиз бу вазиятга қандай ёндашади?” каби саволларга ҳам.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!