Англия нашрлари Абдуқодир Ҳусанов ҳамда “Сити” юлдузларини қандай баҳолади? (видео)

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- «Манчестер Сити» ўз майдонида «Брайтон»га 0:1 ҳисобида мағлуб бўлиб, Англия чемпионатида қаторасига иккинчи бор очко йўқотди.
- Учрашувдаги ягона гол Матеус Нунешнинг хатосидан сўнг Ясин Аяри томонидан киритилди.
- Ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов 90 дақиқа ҳаракат қилди ва cityxtra.co.ук портали томонидан 5/10 балл билан баҳоланди.
Англия Премер-лигасининг навбатдаги турида пешқадам «Манчестер Сити» ўз мухлислари қаршисида кутилмаган мағлубиятга учради. Энцо Мареска шогирдлари «Этиҳад» стадионида «Брайтон»га 0:1 ҳисобида имкониятни бой бериб, ички чемпионатда қаторасига иккинчи турда очко йўқотди.
Учрашувдаги ягона ва ҳал қилувчи тўп мезбонларнинг ўнг қанот ҳимоячиси Матеус Нуньешнинг қўпол хатосидан сўнг Ясин Аяри томонидан киритилди. «Шаҳарликлар» таркибида 90 дақиқа ҳаракат қилган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов учрашувнинг энг сўнгги дақиқаларида кучли ва аниқ зарба йўллаб, рақиб посбони Барт Вербрюггенни чинакам сейв ижро этишга мажбур қилди, бироқ мувозанатни тиклаш насиб этмади.
Учрашув якунлангач, «Манчестер Сити» фаолиятини ёритишга ихтисослашган нуфузли cityxtra.co.uk портали экспертлари жамоа аъзоларининг индивидуал ҳаракатларини 10 баллик тизим асосида баҳолаб чиқди.
Абдуқодир Ҳусанов — 5/10: Янги тактик вазифа ва рақибнинг босими
Англиялик таҳлилчилар ўзбекистонлик ёш ҳимоячининг бу сафарги ўйинига қуйидагича баҳо берди:
«Ҳусанов учрашув давомида бир неча бор ўз позициясидан мажбурий равишда узоқлашиб қолди. “Брайтон” ҳужумчилари унга одатдагидан кўра анча жиддийроқ қаршилик кўрсатди ва фаол босим ўтказди. Меҳмонлар Ҳусановнинг ҳали ҳам ўнг қанот ҳимоячиси ҳамда марказий ҳимоячи вазифалари оралиғидаги гибрид позицияга тўлиқ мослашаётганидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилишди».
Ҳимоя ва яримҳимоя чизиғининг баҳолари
Жанлуижи Доннарумма (6/10): Гол ўтказилган вазиятда унга даъво йўқ. Оёқда тўп билан яхши ҳаракат қилган бўлса-да, иккинчи бўлимда хато пас сабаб рақибга иккинчи голни ҳадя қилишига бир бахя қолди;
Матеус Нуньеш (5/10): Ягона голга сабаб бўлган хатони содир этди ва ўз хатосини тузата олмади. Ягона ижобий жиҳати — охиригача таслим бўлмасдан югургани;
Рубен Диаш (5,5/10): Мағлубиятдаги асосий айбдор бўлмаса-да, мудофаани муносиб ташкиллаштира олмади;
Йошко Гвардиол (6/10): Ҳужумда фаол бўлди, бироқ Доку билан ўзаро тушунмовчиликлар кузатилди ва гол келган қанотда масъулиятни бўйнига олиши лозим;
Айюб Буадди (6/10): Жисмоний жиҳатдан кучли рақиб яримҳимояси босимига дуч келди. Техникаси яхши бўлса-да, бу баҳс унга катта сабоқ бўлади;
Эллиот Андерсон (6/10): Оғир ўйин ўтказди. Иккинчи бўлимда бироз жонланган бўлса-да, «Брайтон»нинг мустаҳкам марказига бас келолмади;
Энцо Фернандес (6/10): Бир нечта чиройли узатмалар берди, бироқ якуний фойдали натижа қайд этмади. Экспертлар унинг нега ҳар ҳафта таркибдан жой олаётганини тушуниш қийинлигини таъкидлади.
Ҳужум чизиғи ва захирадан тушганлар
Илиман Ндиайе (6,5/10): «Сити»нинг ҳужумдаги энг фаол ўйинчиси бўлди. Тезкор рейди ва дриблинглари билан мунтазам хавф туғдирди, фақат голли зарба етишмади;
Эрлинг Ҳоланд (6/10): Омадсиз кун. Ҳоланд нимадир қилишга улгурмасиданоқ рақиб сардори Люис Данк уни тўлиқ ёпиб ташлади;
Жереми Доку (5,5/10): Фойдали иш коэффициенти жуда паст бўлди;
Райан Шерки (6,5/10): Захирадан майдонга тушиб, ўйинни жонлантирди. Фернандес ва Нуньешга ажойиб вазиятлар яратиб берган бўлса-да, жамоадошлари улардан фойдалана олмади;
Нико О'Райли (6/10): Ўйин суръатига ижобий таъсир кўрсатди, бироқ якуний ҳаракатларда самара бўлмади.
Қаторасига иккинчи мағлубиятдан кейин «Манчестер Сити» мураббийлар штаби ҳимоя ва яримҳимоядаги муаммоларни зудлик билан бартараф этиши керак, чунки жамоани олдинда Чемпионлар лигасидаги муҳим сафар баҳси кутиб турибди.































Изоҳлар 0
…