Туркия жамоатчилигини ларзага солган мудҳиш жиноят ҳақида хабарлар тарқалди. Истанбул шаҳрида прокурор Эржан Кайҳан пичоқланиб ҳалок бўлди. Ҳодиса маҳаллий матбуотда кенг ёритилди ва мамлакат бўйлаб катта шов-шувга сабаб бўлди.
Sabah газетаси тарқатган маълумотларга кўра, жиноятда гумонланаётган 19 ёшли Мустафо Жон Гул ҳибсга олинди. У қотиллик содир этилган заҳоти қўлга олинган ва тезкор тартибда сўроқ қилинган. Суд қарори билан йигит қамоққа юборилди.
Маълум бўлишича, икки йил аввал Мустафо Жон Гул қотиллик содир этилган ресторанда официант сифатида ишлаган. У ерга тез-тез ташриф буюриб турган прокурор Эржан Кайҳан билан таниш бўлган. Орадан вақт ўтгач, улар ўртасида сабаблари очиқланмаган низо келиб чиққан.
Терговчиларнинг айтишича, бу можаро ортидан йигитнинг қасос олиш ниятида бўлгани тахмин қилинмоқда. Шундан сўнг у прокурорга пичоқ билан ҳужум қилиб, унинг ҳаётига нуқта қўйган.
Жиноятчининг ўтмиши ҳам жамият эътиборини тортди. Маълумотларга кўра, Мустафо Жон Гул аввал ҳам қатор жиноятларда айбдор деб топилган. У аёлларга нисбатан зўравонлик қилиш, уй-жой дахлсизлигини бузиш ва доимий таъқиб қилиш каби қилмишлари учун жавобгарликка тортилган.
Йигит 2024 йил 9 ноябрдан 2025 йил 15 январга қадар Малтепе қамоқхонасида жазо ўтаган. Шундан кейин озодликка чиққани, аммо жиноий йўлдан чекинмагани маълум бўлди.
Истанбул полицияси ва прокуратура идораси бу ҳодисани қаттиқ қоралаб чиқди. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик бу қотиллик Туркиядаги ҳуқуқ-тартибот тизими ва адлия органлари учун жиддий синов эканини таъкидлашмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!