date

Финландия Россиядан қочган юздан ортиқ шахсни депортация қилди

Финландия Россиядан қочган юздан ортиқ шахсни депортация қилди

Финландия ҳукумати Россиянинг Украинага қарши кенг қамровли уруш бошлаганидан кейин бу мамлакатдан қочган россияликларга нисбатан оммавий чиқариш жараёнини бошлади. Фин полицияси маълумотига кўра, 2025 йилнинг январидан сентябрига қадар сиёсий бошпана сўрови рад этилган 104 нафар Россия фуқароси мамлакатдан депортация қилинган. Бу ҳақда 5 сентябр, жума куни «Вот Так» нашри хабар берди.

Расмий маълумотларга кўра, бу йил депортациялар сони кескин ошди. Бунинг асосий сабаби — россияликларнинг бошпана аризалари узоқ вақт кўриб чиқилмагани билан боғлиқ.

«Икки йил мобайнида умуман суҳбатлар ўтказилмади. Ҳеч ким билан мулоқот қилинмади. Фақат айрим ҳолатлардагина текширув бўлган. Фаолларимиз Фин омбудсманига мурожаат қилиб, шикоятлар ёзди. Фақат 2024 йилнинг охиридагина интервью жараёнлари бошланди», — деди «Кеми урушга қарши» ҳаракати фаоли ва собиқ кўнгилли Максим Алиев.

Унинг таъкидлашича, биринчи суҳбатлардан сўнг россиялик аризачиларнинг деярли 90 фоизи рад жавобини олган. Улардан кўпчилиги Финландия Олий судига апелляция билан мурожаат қилган ва агар имконият берилса, бошпана учун қайта ариза беришга тайёр.

Рад этишларнинг асосий қисми Россиядан сафарбарликдан қочиб чиқиб кетган фуқаролар билан боғлиқ. Финландия Миграция хизмати маълумотларига кўра, 2023 йил май ойида камида 1109 нафар россиялик ҳарбий чақирувдан бўйин товлагани сабабли бошпана сўраган. Бироқ Фин расмийлари уларнинг аризаларини қондирмади ва Россияда мобилизация тугагани ҳақида қарор чиқарди.

Ҳужжатларда ўша пайтдаги мудофаа вазири Сергей Шойгу ва президент Владимир Путиннинг баёнотлари асос қилиб кўрсатилган. Аммо танқидчиларнинг таъкидлашича, мобилизацияни тўхтатиш ҳақида ҳеч қандай расмий фармон имзоланмаган.

Шу билан Финландиядаги россиялик қочоқлар тақдири яна ҳам ноаниқ тус олмоқда. Мутасаддиларнинг сўзларига кўра, кейинги ойларда яна кўплаб аризалар кўриб чиқилади ва рад жавоблари давом этиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Финландия Россиядан қочган юздан ортиқ шахсни депортация қилди