Исроил армияси Ғазо сектори томонидан йўлланган навбатдаги ракеталар ҳақида расмий баёнот берди. Маълум қилинишича, 2025 йил 6 сентябрь куни Ғазодан Исроил ҳудуди сари икки ракета отилган. Улардан бири Исроилнинг ҳаво мудофаа тизими томонидан муваффақиятли равишда тўхтатиб қолинган, иккинчиси эса очиқ майдонга тушган.
Исроил Мудофаа кучлари (IDF) маълумотига кўра, бу ҳолат Ғазо сектори марказидан отилган ракеталар сабабли хаво ҳужуми сиреналари Netivot шаҳри ва унинг атрофида янграганидан сўнг содир бўлган. Telegram орқали тарқатилган баёнотда таъкидланишича, биринчи ракета Iron Dome ҳаво мудофаа тизими ёрдамида йўлдаёқ йўқ қилинган, иккинчиси эса аҳоли яшамайдиган ерга қулаган.
Бу воқеа Исроил ва Фаластин ўртасидаги узоқ йиллик зиддият фонида рўй бермоқда. Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 7 октябр куни ХАМАС ҳаракати томонидан Исроилга қарши кенг кўламли ракета ҳужуми бошланганди. У пайтда минглаб ракета отилган, ХАМАС жангарилари чегарадан ўтиб, ҳарбийлар ва тинч аҳолига қарата қуролли ҳужум амалга оширган. Ҳужум натижасида Исроил томонида 1 200 нафарга яқин инсон ҳалок бўлган, 200 дан ортиқ киши эса гаравга олинган.
Шундан бери Исроилнинг Ғазога қарши жавоб амалиётлари тўхтагани йўқ. Ҳарбий амалиётлар чоғида Исроил томонидан амалга оширилган ҳаво зарбалари Ғазода катта йўқотишларга сабаб бўлмоқда. Ғазо секторидаги расмий идоралар маълумотига кўра, 2023 йил 7 октябрдан буён қурбонлар сони 64 000 нафардан ошган, уларнинг кўпчилигини аёллар ва болалар ташкил этади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!