6 сентябрь куни Афғонистон пойтахти Қобул шаҳрида муҳим энергетик форум — "Афғонистонда энергетика секторига сармоя киритиш ва ҳамкорликни ривожлантириш"га бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди. Мазкур тадбир энергетика соҳасидаги минтақавий ҳамкорликни кучайтириш, Афғонистоннинг энергетика инфратузилмасини қайта тиклаш ва хорижий сармояларни жалб этишга қаратилган.
Анжуманда Афғонистон ҳукумати вакиллари, Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон республикалари энергетика вазирликлари делегациялари, шунингдек, БМТ, ЕИ ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар ҳамда Қобулдаги дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари иштирок этди.
Тадбир доирасида эришилган энг муҳим келишувлардан бири — Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида 220–500 киловольт кучланишдаги электр узатиш линиялари ҳамда юқори қувватли подстанциялар қурилишига оид молиявий шартноманинг имзоланиши бўлди. Мазкур шартнома икки томонлама энергетика алоқаларининг янги босқичга кўтарилаётганидан далолат беради.
Лойиҳа доирасида Афғонистон ҳудудида стратегик аҳамиятга эга бўлган электр инфратузилмаси объектлари барпо этилади. Жумладан, юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари ва улар билан боғлиқ подстанциялар қурилиб, мамлакатнинг марказий ва жанубий ҳудудларини барқарор электр энергияси билан таъминлаш кўзда тутилган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!