Латвия ҳукумати мамлакат хавфсизлиги йўлида янги чораларни амалга оширишга киришди. 11 сентябр куни маҳаллий вақт билан соат 18:00 дан бошлаб, Россия ва Беларусь томонларига қарашли шарқий чегараси бўйлаб ҳаво ҳудуди вақтинча ёпилиши эълон қилинди. Бу тўсиқ камида 18 сентябрга қадар амал қилади.
Маҳаллий ОАВлар маълум қилишича, ушбу қарор Латвия мудофаа вазири Андрис Спрудс ташаббуси билан қабул қилинган. Унинг таъкидлашича, ҳозирча Россиядан тўғридан-тўғри таҳдид йўқ, аммо Полша ҳаво ҳудудига дронларнинг ноқонуний кириши билан боғлиқ вазият ушбу профилактик чораларни кўришга ундаган.
Шу билан бирга, Латвия парламенти — Сейм ҳам муҳим масалани муҳокама қилмоқда. Яъни, Россия ва Беларусь ҳудудларида «Ғарб–2025» номли йирик қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказилиши муносабати билан ушбу икки давлат билан чегараларни тўлиқ ёпиб қўйиш масаласи кун тартибига олинган.
Экспертлар таъкидлашича, Латвиянинг бундай қарорлари НАТОнинг Шарқий Европада хавфсизлик сиёсати билан чамбарчас боғлиқ. Айниқса, минтақадаги кескинлик ва дронлар билан боғлиқ можаролар кўпайиб бораётган бир пайтда ҳаво маконини ёпиш эҳтиёт чораси сифатида қабул қилинмоқда.
Латвия расмийлари бу чоралар фақат вақтинчалик эканини ва мамлакат хавфсизлиги кафолатлангандан сўнг, ҳаво макони яна очилишини таъкидламоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!