Қозоғистон Республикасининг Олмаота вилоятида юз берган мудҳиш портлаш фожиали оқибатларга олиб келди. Расмий маълумотларга кўра, 11 сентябрь куни Или тумани ҳудудида жойлашган LGN Metal металл қабул қилиш корхонасида кучли портлаш содир бўлиб, уч нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди.
Мазкур воқеа ҳақида аввалроқ маҳаллий ОАВ хабар тарқатган бўлиб, Ўзбекистон Миграция агентлиги ҳам ҳодисани расман тасдиқлади. Айни вақтда марҳумларнинг жасадларини ватанга қайтариш учун зарур расмийлаштириш жараёнлари олиб борилмоқда.
Портлаш Байсерке қишлоғида содир бўлгани айтилмоқда. Ҳозирда туман полицияси томонидан “Меҳнат муҳофазаси қоидаларини бузиш, инсон ўлимига сабабчи бўлиш” моддаси асосида жиноят иши очилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Корхона эгаси Амирбек Шербаевнинг айтишича, металл чиқиндилари орасида танкка қарши миналар бўлиши эҳтимоли катта. Унинг таъкидлашича, мазкур цех аввал Хитой компанияси томонидан ижарага олинган ва улар арзон нархда турли металл парчаларини сотиб олган. Бироқ улар орасида ҳарбий чиқиндилар ва ишлатилмаган мина бўлгани тахмин қилинмоқда.
«Цехимиз қуюв қисмида портлаш юз берди. Аниқ сабабини ҳали билмаймиз, аммо хавфли ҳарбий буюмлар оралашган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Барча куч тузилмалари воқеа жойига келиб, текширув ишларини бошлади», – деди Шербаев.
Ўзбекистон томонидан Миграция агентлиги ҳалок бўлган фуқароларнинг яқинларига амалий ёрдам кўрсатиш учун ҳудудий масъуллар бириктирилганини маълум қилди. Шунингдек, Қозоғистон тергов органлари билан яқин ҳамкорликда иш олиб борилаётгани таъкидланди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!