АҚШ БМТ Хавфсизлик Кенгашида Ғазода дарҳол ва доимий ўт очишни тўхтатишни талаб қилган қарорни яна рад этди. Қолган 14 давлат бу ҳужжатни маъқуллаган. АҚШ вакили Морган Ортогус матн Ҳамасни очиқ қораламаганини ва Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи тан олинмаганини билдирди.
Қарорда Ғазодаги вазият “фоҷиали” деб таърифланган ва Исроилдан ёрдамга қўйилган чекловларни олиб ташлаш сўралган эди. Аммо АҚШнинг қарши чиқиши бошқа давлатлар норозилигига сабаб бўлди.
Фаластин вакили Риод Мансур бу қарорни “ачинарли” деб атади. Покистон ва Жазоир вакиллари ҳам норози бўлиб, фаластинликлардан кечирим сўрашди. Уларнинг фикрича, бу қарор Кенгашнинг вазифасини бажаришига тўсқинлик қилди.
Шу пайтда Ғазода Исроил қўшинлари ҳужумни давом эттирмоқда. БМТ гуманитар идораси вазиятни “фалокатли” деб баҳолади. Маҳаллий маълумотларга кўра, 2023-йил октябрдан бери 65 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!