Сўнгги бир йил ичида Германия иқтисодиёти жиддий турдаги йўқотишларга дуч келди. Рақамли маълумотларнинг ноқонуний йўл билан ўғирланиши, саноат соҳасидаги жосуслик ҳаракатлари ва турли бузғунчиликлар орқали мамлакат иқтисодиётига 289,2 миллиард евро зарар етказилгани маълум қилинди. Бу кўрсаткич ўтган йилгига нисбатан қарийб 8 фоиз юқори ҳисобланади.
Битком рақамли уюшмаси томонидан эълон қилинган ҳисоботга кўра, ушбу бузғунчиликларнинг излари кўп ҳолларда Россия ёки Хитой манбаларига бориб тақалган. Тадқиқот жараёнида мингдан ортиқ йирик ва ўрта корхоналар сўроқ қилинган. Улардан 87 фоизи сўнгги йилда киберҳужум ёки рақамли йўқотишларга дуч келганини билдирган. Солиштириш учун, 2024-йилда бу кўрсаткич 81 фоизни ташкил қилган.
Сўров натижаларига кўра, 46 фоиз корхоналар камида бир марта Россия билан боғлиқ киберхавфга учраган. Бу ўтган йилга нисбатан 7 фоизга кўп дегани. Шу даражада, Хитой билан боғлиқ жосуслик ва маълумот ўғирлаш ҳолатлари ҳам 46 фоиз компания томонидан қайд этилган. Кейинги ўринларда эса Шарқий Европа давлатлари, АҚШ, ҳатто Германиянинг ўзидан келган хатарлар ҳам тилга олинган.
Корхоналарнинг 28 фоизи ушбу ҳужумлар ортида чет эл махсус хизматлари туриши мумкин, деган фикрни билдирган. Бу кўрсаткич 2024-йилда 20 фоизни, 2023-йилда эса атиги 7 фоизни ташкил этган эди. Яъни, компаниялар орасида чет эл давлатлари билан боғлиқ хавф-хатарга ишонч йилдан-йилга ошиб бормоқда.
Битком ҳисоботига кўра, барча йўқотишлар ва рақамли зарарларнинг катта қисми уюшган жиноятчилик билан боғлиқ. Бу эса масала қанчалик жиддий ва тизимли тарзда амалга оширилаётганини англатади.
Германия Конституциясини муҳофаза қилиш федерал идораси раҳбарининг ўринбосари Зинан Зелен ҳам тадқиқот натижаларини изоҳлаб, мамлакат узоқ йиллар давомида Россия билан боғлиқ киберҳужумлар учун асосий нишонга айланиб келаётганини таъкидлаган.
Бу ҳолат Германиянинг рақамли хавфсизлик тизимини янада кучайтириш зарурлигини кўрсатиб турибди. Мутахассислар фикрича, компаниялар нафақат ички тизимларини, балки ташқи алоқаларини ҳам ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чоралар кўриши шарт. Чунки рақамли дунёдаги ҳар қандай заифлик катта иқтисодий йўқотишларга сабаб бўлиши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!