Болтиқбўйи давлатлари АҚШни уларга ҳарбий ёрдамни тўхтатмасликка ишонтиришга ҳаракат қилмоқда. Эстония ташқи ишлар вазири Маргус Тсахкна таъкидлаганидек, АҚШнинг минтақага ҳарбий ёрдамни тўхтатиш ёки камайтириш ҳақидаги қарорлари Болтиқбўйи давлатлари учун хавотирли ҳолатни яратмоқда.
«Албатта, биз хавотирдамиз. Лекин биз [АҚШ] Конгресси билан ишлаяпмиз ва АҚШ Болтиқбўйи давлатлари мудофаасига киритган ҳар бир доллар Америка иқтисодиётига қайтишини тушунтирмоқдамиз. Биз ҳам ўз томонимиздан 1 доллардан 12 долларгача ҳисса қўшмоқдамиз», — деди Маргус Тсахкна Bloomberg агентлигига интервьюсида.
Тсахкна фикрича, АҚШнинг Болтиқбўйи давлатларига ҳарбий ёрдами ўз навбатида АҚШ учун ҳам яхши келишув ҳисобланади. Унинг сўзларига кўра, ҳарбий ёрдамнинг тўлиқ тўхтатилиши ёки камайтирилиши АҚШнинг миллий манфаатларига зид бўлиб, иқтисодий ва стратегик жиҳатдан ҳам кераксиз йўқотишларга олиб келиши мумкин.
Қолаверса, Тсахкна АҚШ ва Болтиқбўйи давлатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳимлигини ва минтақадаги хавфсизликни сақлашдаги катта ролини алоҳида таъкидлади. АҚШнинг ҳарбий ёрдами ва стратегик кўмаклари минтақа мамлакатлари учун муҳофаза ва иқтисодий ривожланишга замин яратади.
Болтиқбўйи давлатлари, жумладан, Эстония, Латвия ва Литва, ўз ҳудудидаги хавфсизликни мустаҳкамлаш ва НАТОнинг шарқдаги чегараларини муҳофаза қилиш мақсадида АҚШ билан ҳамкорликни янада кучайтиришга интилишмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!